Сув хўжалиги ходимларининг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати кучайтирилади
2026-10-28 17:15:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев раислигида ўтказилган йиғилишда соҳада коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, уларга имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сувчилик – халқимиз дастурхони тўкинлиги, деҳқон ва фермерларимиз ризқи, юртимиз фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган савобли касб. Бу соҳада минглаб фидойи, ҳалол ва меҳнаткаш инсонлар фаолият юритмоқда. Бироқ “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, айрим ҳолларда қонунбузилишлар, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Йиғилишда бундай иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг шахсий масъулиятини ошириш, қонун устуворлиги ва ҳалоллик тамойилларига қатъий амал қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти ва эришилган натижалар таҳлил қилинди. Хусусан, 2025 йил якунлари бўйича коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолашда вазирлик 85 балл тўплаб, “яхши” тоифасида баҳоланган. “Очиқлик индекси” натижалари бўйича эса 89 балл қайд этилган.
Мазкур кўрсаткичларни янада яхшилаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, вазирлик ва тизим ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат бўлими фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, тизимда коррупцияга қарши ички назоратни кучайтириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, давлат харидлари ва қурилиш-таъмирлаш ишларида шаффофликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, сувни ҳисобга олиш, субсидиялар ажратиш ҳамда кадрларни ишга қабул қилиш жараёнларида инсон омилини камайтириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Соҳада коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, ходимлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва профилактика ишларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Вазир коррупцияга қарши курашиш фақат ички назорат тузилмаларининг эмас, балки барча даражадаги раҳбарлар ва ҳар бир ходимнинг кундалик вазифасига айланиши лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, ижро интизомини кучайтириш, натижадорликни ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини кенгайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ва алоҳида таъкидландики, сувдек пок ва ҳаётбахш неъмат билан ишлайдиган инсоннинг қўли ҳам, виждони ҳам пок бўлиши даркор.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати





