Қоҳирада Ўзбекистоннинг сув дипломатияси ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-10-26 15:00:00 / Янгиликлар

“Сув – тинчлик, умумий фаровонлик ва барқарор сайёра омили” мавзусига бағишланган халқаро анжуманда сув ресурсларини самарали бошқариш, трансчегаравий сув ҳамкорлиги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев “Умумий сув ҳавзалари доирасида сув дипломатияси ва илмий асосланган ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражали вазирлар сессиясида маъруза қилди. Унда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда сув дипломатиясини ривожлантириш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Орол денгизи ҳавзасидаги экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида минтақавий сув ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалар хусусида ахборот берилди.
Анжуман доирасида қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Эбубэкир Гизлигидер билан музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сув хўжалиги соҳасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма дастур имзоланди. Унда сув тежовчи технологиялар, ирригация тизимларини модернизация қилиш, рақамлаштириш, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик назарда тутилган.
Миср Араб Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Ҳани Севилам билан соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда Миср Миллий сув тадқиқотлари маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат қўшма тадқиқотлар, рақамли мониторинг, сув тежовчи технологиялар ва мутахассислар алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилади.
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, 2026 йил декабрдаги БМТ Сув конференцияси ҳамда 2027 йилги Бутунжаҳон сув форуми доирасида Марказий Осиё сув масалаларига бағишланган тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти (IOFS) ва Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) вакиллари билан қурғоқчиликка чидамли экинлар, сувни тузсизлантириш, шўрланган ерларни тиклаш, ёмғир сувларидан фойдаланиш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Қоҳира сув ҳафталигидаги иштирок Ўзбекистоннинг халқаро сув дипломатиясидаги фаоллигини ошириш, илғор тажрибаларни мамлакатимиз сув хўжалигига татбиқ этиш ва минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Отабек Хазратов,
Сув хўжалиги вазирлигининг Халқаро алоқалар ва
Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўлими бошлиғи






