Сув ресурсларини оқилона бошқариш: захиралар ва тежамкорлик натижалари
2026-10-23 15:10:00 / Янгиликлар

«... ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурсларини тежаш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этади».
Шавкат Мирзиёев
(2026 йил 22 апрелда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқидан).
Сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш — сув хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва келажак авлодлар учун сув захираларини асраб-авайлашнинг муҳим шартидир. Мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳам шу мақсадларга қаратилган. Хусусан, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сув омборларидаги захиралар — барқарор сув таъминоти асоси
Сув омборларидаги захиралар ҳажми ва улардан самарали фойдаланиш мамлакатнинг сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини барқарор сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис сувни аниқ ҳисобга олиш ва келгуси мавсум учун етарли захира шакллантириш долзарб вазифалардир.
Бугунги кунда республикадаги сув омборларида жами 10 млрд 467 млн куб метр сув захираси тўпланган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 315 млн куб метрга, сўнгги уч йиллик ўртача кўрсаткичга нисбатан эса 193 млн куб метрга юқори. Яъни мавжуд захира ўтган йилги кўрсаткичнинг 103 фоизини ташкил этади.
Мазкур захиралар жорий йилги қишлоқ хўжалиги мавсумини сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Прогнозларни тўғри баҳолаш — сув захираларини режалаштириш ва лимитларни адолатли тақсимлаш асоси
Вегетация даври учун тайёрланган гидрометеорологик прогнозларга кўра, дарёлардаги сув сарфи меъёрга нисбатан турлича бўлиши кутилган эди. Жумладан:
Фарғона водийсининг жанубий қисмидаги дарёларда сув сарфи меъёрнинг 95–105 фоизини ташкил этиши;
Зарафшон, Норин ва Вахш дарёларида мазкур кўрсаткич 80–90 фоиз атрофида бўлиши;
Чирчиқ дарёси ҳамда Фарғона водийсининг шимолий қисмидаги дарёларда сув сарфи меъёрнинг 70–80 фоизини ташкил этиши;
Сурхондарё, Қашқадарё ва Оҳангарон дарёларида эса сув сарфи меъёрнинг 60–70 фоизи даражасида бўлиши прогноз қилинди.
Мавжуд гидрологик вазиятни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан барча сув манбаларидан жами 32 миллиард 652 миллион куб метр сув олиш лимити белгиланди. Ушбу ҳажмнинг 29 миллиард 406 миллион куб метри суғориш эҳтиёжлари учун ажратилди.
Бундай ёндашув мавжуд сув ресурсларини ҳудудлар ва истеъмолчилар ўртасида оқилона тақсимлаш, сув танқислиги хавфини камайтириш ҳамда вегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинларининг сувга бўлган эҳтиёжини белгиланган лимитлар доирасида таъминлашга хизмат қилади.
Ҳар бир тежалган томчи сув — келажак фаровонлигига қўшилган ҳиссадир
Сувни тежаш фақат сарфни камайтириш эмас, балки ҳар бир томчидан мақсадли фойдаланиш ва исрофгарчиликнинг олдини олишдир. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, суғориш тизимларини такомиллаштириш ва сув тақсимотини аниқ ҳисоб-китоблар асосида ташкил этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
2026 йилда вазирлик олдига 11 млрд куб метр сувни тежаш вазифаси қўйилди. Учинчи чорак якунларига кўра, жами 10 млрд 120 млн куб метр сувни тежашга эришилди. Бу натижа қуйидаги амалий чора-тадбирлар ҳисобига таъминланди:
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби замонавий технологияларни кенг қўллаш натижасида 4 млрд 816 млн куб метр сув тежалди.
Ирригация тизимларини модернизация қилиш. Канал ва ариқларни таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, сувнинг сизиб йўқолишини камайтириш ҳисобига 2 млрд 839 млн куб метр сув тежалди.
Агротехник тадбирлар ва бошқарув самарадорлигини ошириш. Сув объектларини самарали бошқариш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 1 млрд 833 млн куб метр сув иқтисод қилинди.
Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш. Рақамли технологияларни жорий этиш орқали 632 млн куб метр сув тежаб қолинди.
Эришилган натижаларни мустаҳкамлаш учун сув йўқотишларини янада камайтириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш зарур. Бу жараёнда давлат ташкилотлари, фермер ва кластер хўжаликлари, шунингдек, ҳар бир сув истеъмолчисининг масъулияти муҳим ўрин тутади.
Сувни тежаш иқтисодий манфаат билан бирга, экологик барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам муҳим. Бугун сувни қанчалик қадрласак ва ундан қанчалик оқилона фойдалансак, эртанги куннинг сув таъминоти ва фаровонлиги учун шунчалик мустаҳкам замин яратамиз.
Жаҳонгир АБДУРАЗЗОҚОВ,
Сув хўжалиги вазирлиги
Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш
ва сув кадастри бошқармаси бошлиғи
