Сув хўжалигининг эртаси билимли кадрлар қўлида
2026-10-23 12:20:00 / Янгиликлар

Каналдан оқаётган сувнинг ҳар бир куб метри ортида деҳқон меҳнати, даладаги ҳосил, оилаларнинг ризқи ва ўша ҳудуднинг эртанги куни мужассам. Шу боис сувни бошқариш фақат иншоотлар, каналлар ёки техника билан боғлиқ иш эмас. Бу — аввало, билим, тажриба ва юксак масъулият талаб этадиган касб.
Бугун дунёда сувга муносабат ўзгармоқда. Шундай шароитда муҳим бир ҳақиқат тобора равшанлашмоқда: энг замонавий технология ҳам уни оқилона бошқарадиган инсон бўлмаса, кутилган самарани бермайди. Демак, сув хўжалигини янгилаш — фақат бетон каналлар қуриш, насосларни модернизация қилиш ёки рақамли тизимларни жорий этиш эмас. Бу, энг аввало, шу ўзгаришларга муносиб кадрларни тарбиялаш демакдир.
Рақамлар ортидаги ишонч
Мамлакатимизда сув ресурсларини оқилона бошқариш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Президентимизнинг 2025 йил
15 августдаги ПҚ-250-сон қарори билан тасдиқланган, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ишлар самарасини битта муҳим рақамда ҳам кўриш мумкин. 2026 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга 1 000 нафар олий таълим муассасаси битирувчисини ишга қабул қилиш режалаштирилган эди.
Амалда 1 027 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилинди.
Бу рақамлар ортида мингдан зиёд ёшнинг касбий ҳаётга қадам қўйгани, олий таълим билан амалиёт ўртасида янги боғлиқлик пайдо бўлаётгани, сув хўжалигига янгича фикр ва интилишлар кириб келаётгани турибди.
Албатта, мутахассисни ишга қабул қилиш — марра эмас, йўлнинг бошланиши. Энг муҳим вазифа энди уларнинг салоҳиятини очиш, касбига меҳр уйғотиш, билим ва ташаббусини аниқ натижага айлантиришдан иборат.
Устоз тажрибаси, шогирд шижоати
Сув хўжалиги китобда ўқилган билим ҳаёт синовидан ўтадиган соҳалардан. Каналдаги сув сарфини ҳисоблаш, гидротехника иншоотининг ҳолатини баҳолаш, насос агрегатини бошқариш ёки мураккаб вазиятда тўғри қарор қабул қилиш учун назариянинг ўзи кифоя қилмайди. Буларнинг барчаси синчковлик, амалий маҳорат ва масъулиятни талаб этади.
Шу маънода, тизимда давом этаётган «Устоз – шогирд» анъанасининг ўрни беқиёс. Тажрибали сувчи ёш ҳамкасбига фақат иш усулини эмас, сувнинг табиатини ҳис этишни, хатонинг олдини олишни, хавфсизликка риоя қилишни, қабул қилинган қарор оқибатини олдиндан ўйлашни ҳам ўргатади. Ёш мутахассис эса бу тажрибага замонавий билим, рақамли кўникма ва янгича ёндашувни қўшади.
Тажриба билан янгилик бирлашган жойда ҳақиқий тараққиёт бошланади. Шунинг учун ҳам ёш кадрни шунчаки иш билан таъминлаш эмас, унинг мустақил фикрлайдиган, ташаббускор ва ишончли мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашиш муҳим.
Бунинг учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитлари ҳам зарур. Зеро, сув хўжалиги объектларининг бир қисми аҳоли пунктларидан олисда жойлашган. Қатнов, турар жой ва кундалик эҳтиёжлар билан боғлиқ қийинчиликлар ёш ходимнинг касбига бўлган муносабатига таъсир этиши мумкин. Шу боис Сувчилар уйларида ётоқхоналар ташкил этиш, олисдан келиб ишлайдиган мутахассисларни турар жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кадрларни соҳада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Биз ўзимиз ишчи гуруҳ таркибида ҳудудларга чиқиб, Сувчилар уйларидаги ётоқхоналарда яшаётган ёшлар билан суҳбатлашдик, уларнинг шароитлари билан танишдик. Бемалол айтишимиз мумкинки, ҳар бир ёш ўзи ишлаётган ташкилот раҳбарининг бевосита эътиборида. Мақсад – ёш кадрлар меҳнати қадрланаётганини, ўз устида ишлаши ва касбий ўсиши учун имконият борлигини ҳис этса, ишига ҳам, жамоасига ҳам бошқача масъулият билан ёндашади.
Эртанги сувчи — бугун тайёрланади
Замон сувчидан кечагидан кўра кўпроқ билим талаб қилмоқда. Энди у фақат сувни етказиб беришни эмас, унинг сарфини аниқ ҳисоблашни, йўқотишларни таҳлил қилишни, масофавий кузатув ва рақамли маълумотлар асосида қарор қабул қилишни ҳам билиши керак.
Буни таъминлаш учун олий таълим муассасалари билан сув хўжалиги ташкилотлари ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, талабалар амалиётини бевосита иншоотлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан боғлаш муҳим. Ёш мутахассислар учун рақамли технологиялар, сув ҳисоби ва мониторинг бўйича амалий ўқувларни кенгайтириш, сув ва энергияни тежашга хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарур.
Шу билан бирга, касбий ўсишни иш натижаси билан баҳолаш, изланувчан ва ташаббускор ходимларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки келажак сув хўжалигига фақат топшириқни бажарадиган ижрочилар эмас, муаммони кўра оладиган, унинг ечимини таклиф қиладиган ва ўз қарори учун жавоб берадиган мутахассислар керак.
Бугун тизимга кириб келган 1000 нафардан зиёд ёш мутахассис — ана шундай келажак учун муҳим имконият. Уларнинг ҳар бирига берилган билим, ишонч ва шароит эртага соҳадаги аниқ ютуқлар, тежалган сув, самарали бошқарув ва барқарор натижаларга айланиши мумкин.
Дилафрўз Аликулова
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бошлиғи
