ДАРАХТ СУВСИЗ КЎКАРМАЙДИ
2024-10-07 15:55:00 / Янгиликлар

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар таҳлили ҳамда вазифалар белгилаш муносабати билан «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлининг Термиз тумани ҳудудидан ўтган қисмида ўтказилган кўргазмали семинарда вилоятдаги барча ташкилот, корхона, муассасалар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари қатнашди ва уларга биринчи галда катта йўллар атрофини ободонлаштириш ҳамда мевали-манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишга сафарбарлик билан киришиш топшириғи берилди.
Бундан ташқари, масъуллар зиммасига Амударёнинг бўйида қад ростлаб турган ал-Ҳаким ат-Термизий мажмуасидан бошлаб, то Шеробод тумани ҳудудида жойлашган Исо ат-Термизий мақбарасигача бўлган 49 километр узунликдаги катта йўлларнинг икки ёнбошидаги бўш ерларни тартибга келтириб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш вазифаси юклатилди.
Кўргазмали семинарда иштирок этган ва сўзга чиққан вилоятнинг биринчи раҳбаридан тортиб кўпни кўрган оқсоқолларнинг маърузалари, таклиф ва тавсияларида «Сув бўлмаса, дарахт кўкармайди, барча харажат ва меҳнат зоя кетади», деган сўз бот-бот такрорланди. Кўргазмали семинарда қатнашган Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассислари ҳамда туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» ДМлар раҳбарларига экилган дарахтларни суғориш учун сув билан таъминлаш, сувни тежаш учун ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати


