Она тилимизга ҳурмат ва эҳтиром
2026-10-21 17:10:00 / Янгиликлар

Бугун, 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган. У ўзининг бой ижодий мероси, хусусан, «Муҳокамат ул-луғатайн» асари орқали туркий тилнинг бойлиги, нафосати ва юксак ифода имкониятларини намоён этган.
Шу боис, Ўзбек тили байрами куни Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш она тилимизга, миллий адабиётимизга ва буюк аждодларимиз меросига чуқур ҳурмат-эҳтиром рамзи ҳисобланади.
Байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирок этиб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати жамоаси ҳам ушбу эзгу анъанага ҳамоҳанг равишда улуғ бобомиз ҳайкали пойига гуллар қўйиб, она тилимиз ва миллий маънавий меросимизга ўз эҳтиромини изҳор этди.
Ахборот хизмати


