МЕН ЎЗБЕКМАН!
2026-10-21 10:20:00 / Янгиликлар

Баъзан бутун бир халқнинг тарихи, ғурури, орзу-армонлари ва Ватан соғинчини ифодалаш учун узундан-узоқ нутқ шарт эмас. Бор-йўғи икки оғиз сўз кифоя: «Мен ўзбекман!»
Тил, миллат ва Ватан ҳақида ўйлаганимда режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан» фильми кўз олдимда гавдаланади. Айниқса, фильмнинг якунини ҳар гал ўзгача ҳаяжон билан томоша қиламан.
Кексайган инсоннинг она юртига талпиниши, қадрдон замин бағридаги оғир ва ўйчан қадамлари... Сўнг самолёт салони. Америкада туғилиб ўсган, ўзга муҳитда камол топган, ҳаётда ўз ўрнини топган инсоннинг кўзларида ёш қалқийди. У қалбининг туб-тубида яшаб келган ҳақиқатни англайди. Ниҳоят, ўзининг кимлигини бутун вужуди билан ҳис этади.
«Мен ўзбекман!»
Фильмнинг бутун фалсафаси, менимча, ана шу икки сўзга жо бўлган.
Бу оддий таништирув эмас. Бу — ўз илдизини англаш, аждодлари билан қалбан юзлашиш, Ватан деган муқаддас туйғуни юракдан ўтказишдир.
Шу саҳнани кўрганимда ўйланиб қоламан: инсон ўз она юртидан минглаб чақирим олисда туғилиши, бошқа тилда таълим олиши, ўзга муҳитда улғайиши мумкин. Аммо унинг қалбида аждодларидан мерос бўлиб қолган бир туйғу яшайверар экан. Бир кун келиб, ўша туйғу уйғонар экан.
Мен эса ўз юртимда, ўз халқим орасида, ўз она тилимда эркин сўзлашиб яшаётган инсонман. Бунинг ўзи қанчалар катта бахт!
Ҳа, мен ўзбекман!
Ўзбеклигимдан, она тилимнинг бойлиги ва гўзаллигидан фахрланаман. Фарзандларимни ўзбекча тарбиялаётганимдан, уларнинг қалбига она тилимиз билан бирга миллий қадриятларимизни ҳам сингдираётганимдан ғурурланаман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро минбарларда ўзбекча калом янграганда кўнглим тоғдек кўтарилади. Спортчиларимиз ғалаба шоҳсупасига кўтарилиб, уларнинг шарафига «Серқуёш ҳур ўлкам...» дея бошланувчи Давлат мадҳиямиз янграганда кўзларимга беихтиёр ёш келади.
Бу — миллатимнинг овози. Бу — Ватанимнинг дунёга таралаётган садоси!
Афғонистонда яшаётган миллатдошимиз ўзбек тилида қўшиқ куйласа, қалбимга яқин оҳангларни эшитаман. Қўшни мамлакатларда она тилимизда нашр этилаётган газеталарни варақласам, уларнинг ҳар бир саҳифасида ўзбек сўзининг умри давом этаётганини ҳис қиламан.
Фаолиятим тақозоси билан Тожикистонда яшаётган миллатдошларимиз билан мулоқот қилиб тураман. Уларнинг ўзбек тилига бўлган чексиз меҳри ва садоқатини кўриб, қувонаман. Ўзга юртда яшаб, она тилини асраш, уни фарзандларига ўргатиш қанчалар катта фидойилик эканини янада чуқурроқ англайман.
Тожикистондаги миллатдошларимиз билан ҳар бир суҳбатим менга бир ҳақиқатни янада чуқурроқ англатади: халқларнинг дўстлиги фақат расмий муносабатлар билан эмас, тилга, маданиятга, бир-бирининг қадриятларига бўлган ўзаро ҳурмат билан ҳам мустаҳкамланади.
Америкада, Европада ва дунёнинг бошқа минтақаларида яшаётган, ўзбеклигини унутмаган, фарзандларига миллий урф-одатларимизни ўргатаётган ватандошларимиз ҳам мен учун ғурур манбаи.
Чунки Ватан фақат харитадаги ҳудуд эмас. Ватан — инсоннинг хотирасида, қалбида, она тилида ҳам яшайди.
Бугун — 21 октябрь, Ўзбек тили байрами куни.
Мен учун она тилим — онамдан эшитган меҳрли сўзларим, болалигимнинг унутилмас хотиралари, халқимнинг ўтмиши ва фарзандларимнинг келажагидир.
«Ватан» фильмининг якунидаги ўша ҳаяжонли лаҳзаларни яна бир бор эслайман. Олис Америкада улғайган инсон ўзлигини англаш учун қалбан қанчалар узоқ йўл босди!
Биз эса бу бахтнинг бағрида яшаяпмиз.
Шундай экан, ўзлигимизга, тилимизга, Ватанимизга бўлган муҳаббатни ҳеч қачон оддий ҳолдек қабул қилмайлик.
Мен ўзбекман!
Бу икки сўз мен учун шунчаки фахр ифодаси эмас.
Бу — аждодларимиз хотирасига ҳурмат, она тилимизга садоқат ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятдир.
Шуҳрат Суюнов,
“Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти
ижрочи директори
