Она тилимиз – миллатимиз ғурури, маънавиятимиз таянчи!
2026-10-19 17:45:00 / Янгиликлар

Сизларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Она тили – миллатнинг қалби, унинг тарихи, маънавияти ва келажагини бирлаштириб турувчи бебаҳо бойликдир. Тилини асраган халқ ўзлигини асрайди, тилини улуғлаган миллат келажагини мустаҳкамлайди.
Мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни илм-фан, таълим, давлат бошқаруви ва замонавий технологиялар тили сифатида ривожлантиришнинг мустаҳкам асослари яратилди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтиш вазифаси белгиланди.
Бу жараён ҳар биримиздан масъулият талаб қилади. Айниқса, давлат хизматчилари расмий ҳужжатларни саводли юритиши, давлат тили меъёрларига қатъий амал қилиши, лотин ёзувида ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаши зарур.
Сув хўжалиги соҳасида эса ўзбек тилининг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, соҳавий атамаларни тўғри қўллаш ва ходимларнинг нутқ маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Агар таъбир жоиз бўлса, мен она тилимизни оқар сувга қиёслаган бўлардим. Зеро, сув ҳаёт манбаи бўлганидек, тил ҳам миллат маънавиятининг ҳаётбахш булоғидир.
Биз сувимизнинг мусаффолигини сақлаш учун қанчалик қайғурсак, она тилимизнинг софлиги, бойлиги ва жозибасини асрашга ҳам шунчалик масъулият билан ёндашишимиз керак. Чунки сувнинг тиниқлиги табиатга ҳаёт бағишласа, тилнинг софлиги миллат маънавиятига зиё бағишлайди.
Азиз ҳамкасблар!
Она тилига муҳаббат китобга меҳрдан бошланади. Китоб ўқиган инсоннинг сўз бойлиги ортади, тафаккури кенгаяди, дунёқараши юксалади.
Яқинда вазирлигимиз тизим ташкилотларида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилди. Бу, албатта, қувонарли ташаббус. Лекин бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: фақат танловлар ўтказиш билан иш битмайди.
Биз китобхонликни кундалик турмушимиз ва меҳнат жамоаларимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришимиз шарт.
Шу мақсадда барча тизим ташкилотларида китоб ўқиш масканлари, мўъжаз кутубхоналар ташкил этиш, уларни бадиий, илмий-оммабоп ва соҳавий адабиётлар билан бойитиш зарур. Ходимлар исталган пайтда мутолаа қилиши, касбий билимини ошириши, ёш мутахассислар эса китоблар орқали халқимизнинг бой илмий ва маънавий меросидан баҳраманд бўлиши учун қулай шароитлар яратишимиз керак.
Мен яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Фарзандларимиз тарбияси, аввало, оиладан бошланади. Ота-онасининг қўлида китоб кўриб улғайган боланинг ўзи ҳам мутолаага интилади. Шу боис барча сув хўжалиги ходимларини оилавий китоб ўқишга даъват этаман.
Ҳар куни фарзандларимиз билан биргаликда китоб ўқишга, ўқиган асарларимиз ҳақида суҳбатлашишга вақт ажратайлик. Бу оддий одат келажакда катта маънавий бойликка айланади.
Зеро, фарзандларимизга қолдирадиган энг қимматли меросимиз – нафақат моддий бойлик, балки илм, тарбия, китобга меҳр ва она тилига муҳаббатдир.
Қадрли ҳамкасблар!
Барчангизни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан табриклайман!
Она тилимизни асраш, унинг бойлигини келажак авлодларга етказиш йўлидаги эзгу ишларимиз бардавом бўлсин.
Хонадонингиздан файзу барака, қалбингиздан она тилимизга меҳр, фарзандларимиз қўлидан китоб аримасин!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2026 йил 19 октябрь
