Сув хавфсизлиги ва минтақавий ишонч: Ўзбекистоннинг амалий ташаббуслари
2026-10-15 10:05:00 / Янгиликлар

2026 йил 15 октябрда Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити бўлиб ўтади. Кенгаш Осиё давлатлари ўртасида мулоқот, ўзаро ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган йирик кўп томонлама платформа ҳисобланади. Саммит арафасида сув хавфсизлигига фақат табиий ресурс масаласи сифатида эмас, балки давлатлар ўртасидаги ишонч ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган стратегик йўналиш сифатида қараш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Сув – ишонч талаб қиладиган стратегик ресурс
Дарёлар маъмурий чегараларга бўйсунмайди. Тоғларда шаклланган сув бир неча мамлакат ҳудудидан оқиб ўтади, юқори оқимдаги қарорлар эса қуйи оқимдаги аҳоли, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экотизимларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис трансчегаравий сув муносабатларида аниқ ҳисоб, маълумот алмашиш, прогнозларни мувофиқлаштириш ва томонлар манфаатини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Марказий Осиё учун бу масала айниқса долзарб. Амударё ва Сирдарё ҳавзалари минтақа давлатларининг сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини ўзаро боғлаб туради. Иқлим ўзгариши эса мавжуд муаммоларни янада мураккаблаштирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 апрель куни Самарқанд халқаро иқлим форумида Амударё ва Сирдарё сув оқими қисқариши натижасида 2040 йилга бориб Марказий Осиё мамлакатлари юқори даражадаги сув тақчиллигига дуч келиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Ўзбекистон ёндашуви: сувни ҳамкорлик омилига айлантириш
Сўнгги йилларда Ўзбекистон сув масаласига миллий ресурсларни бошқариш вазифаси билан бир қаторда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида ёндашмоқда. Бу сиёсатнинг асосий мазмуни – сувни зиддият манбаи эмас, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт омилига айлантириш.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Остона шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитида экология ва иқлим ўзгариши масалалари бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, “Яшил Осиё” концептуал дастури доирасида мамлакатларни кўкаламзорлаштириш ва заиф экотизимларни қўллаб-қувватлаш бўйича доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур ёндашув бугун ҳам Осиё миқёсида экологик ва сув муаммоларини ҳамкорлик асосида ҳал этиш ғояси билан уйғун.
Ўзбекистон ташаббусларининг яна бир муҳим йўналиши – 2026–2036 йилларни Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш таклифидир. Шу билан бирга, Афғонистонни Амударё ҳавзасида сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳузурида Минтақавий сув хўжалиги компетенциялари марказини ташкил этиш ҳамда минтақада Сув ҳафталигини мунтазам ўтказиш ташаббуслари илгари сурилган.
Орол тажрибаси – умумий масъулият сабоғи
Ўзбекистоннинг сув хавфсизлиги масаласини халқаро майдонларда фаол кўтариши учун жиддий тарихий асос бор. Орол денгизининг қуриши сув ресурсларидан фойдаланишда узоқ муддатли оқибатларни етарлича ҳисобга олмаслик қандай оғир экологик ва ижтимоий натижаларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Шу сабабли мамлакатимиз позицияси сувдан бир томонлама ёки қисқа муддатли манфаатлар асосида фойдаланиш ўрнига умумий масъулият, келишилган ҳаракат ва ўзаро ишонч тамойилларига таянади.
2026 йил апрелида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида Ўзбекистоннинг 2027–2029 йиллар учун Жамғармага раислиги белгиланди. Давлатимиз раҳбари Жамғарманинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, сув-энергетика ва экологик кун тартибини фаоллаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб этиш, сув маданиятини ошириш ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш каби йўналишларга эътибор қаратди. Бу вазифалар трансчегаравий сув муносабатларини янада очиқ ва прогнозли қилишга хизмат қилади.
Аниқ ҳисоб ва рақамлаштириш – амалий ишонч пойдевори
Сув соҳасидаги ишонч аввало ишончли маълумотга таянади. Дарёда, сув омборида ва каналларда қанча сув борлиги, истеъмолчига қанча етказилгани ва йўқотишлар ҳажми аниқ ҳисобланмаса, самарали бошқарув ҳам, адолатли тақсимот ҳам қийинлашади. Шу боис Ўзбекистонда сув ҳисобини рақамлаштириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Соҳада 10 та ахборот тизими ишлаб чиқилиб, уларни бирлаштирувчи “Сув хўжалиги ягона платформаси” яратилди. Сув ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун 13 минг 305 та “Ақлли сув” қурилмаси, мелиоратив кузатув қудуқларига 12 минг 809 та “Diver” қурилмаси ўрнатилди. 1 минг 914 та насос станцияси сув ҳисоблаш қурилмалари билан жиҳозланди, 108 та йирик сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. Йирик сув омборларида сув сатҳи ва ҳажмини онлайн кузатиш тизимлари жорий этилмоқда. Бундай рақамлаштиришнинг асосий мақсади – сув қаердан келди, қаерга етказилди ва қанча йўқотилди, деган саволларга тезкор ва аниқ жавоб олиш.
Сувни тежаш – миллий ислоҳотдан минтақавий натижа сари
Ўзбекистон сув масаласида мураккаб табиий шароитга эга: мамлакат фойдаланадиган сув ресурсларининг 80–85 фоизи республика ҳудудидан ташқарида шаклланади. Шунинг учун ички тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш, сувни тежайдиган технологиялар қамровини ошириш ва инфратузилмани модернизация қилиш нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга эга.
2017 йилда сув тежовчи технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, 2025 йил якунига келиб уларнинг қамрови 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг қарийб 60 фоизига етди. 2026 йил бошидан буён яна 640 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Шу билан бирга, каналларни бетонлаш, очиқ тармоқларни зарур жойларда ёпиқ қувурли тизимларга ўтказиш ва гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш ҳисобига манбадан истеъмолчигача бўлган йўқотишларни камайтиришга эътибор кучайтирилмоқда.
2026 йилда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилишга давлат бюджетидан 4,1 триллион сўм ажратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 824 километр канал бетонлаштирилди. Бу кўрсаткичлар ислоҳотларнинг асосий мезони эмас, балки амалий воситасидир. Энг муҳим натижа – тежалган сув миқдори, барқарор сув таъминоти ва ҳар бир куб метр сувдан олинаётган самара билан ўлчаниши керак.
Боку саммити: ишончнинг янги кун тартиби
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг асосий мақсади – мулоқот ва ишончни мустаҳкамлаш. 2002 йилги Олмаота актида Осиёда тинчлик, эркинлик ва фаровонликка асосланган умумий ва бўлинмас хавфсизлик маконини шакллантириш ғояси белгилаб берилган. Бугун Кенгашнинг институционал ривожланиши янги босқичга чиқмоқда: Боку саммитида ташкилотнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга қаратилган Хартия лойиҳасини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Озарбайжон раислигининг ўзаро боғлиқлик, рақамлаштириш ва Осиёда барқарор ўсишга қаратилган устувор йўналишлари сув хавфсизлиги масалалари билан ҳам бевосита боғлиқ. Чунки самарали сув бошқаруви рақамли ҳисоб ва мониторингни, иқлим ўзгаришига мослашиш эса маълумот алмашиш, эрта огоҳлантириш ва қўшма прогнозлаш механизмларини талаб қилади.
Шу маънода, Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар – “Яшил Осиё” доирасидаги ҳамкорлик, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ўн йиллик, Афғонистонни минтақавий мулоқотга жалб этиш, Сув ҳафталигини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш, рақамли сув ҳисоби ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш – бир мақсадга хизмат қилади: ишончни амалий ҳамкорлик билан мустаҳкамлаш.
XXI асрда сув хавфсизлиги давлатларнинг қанча ресурсга эгалиги билангина эмас, мавжуд сувни қанчалик оқилона бошқариши, йўқотишларни қай даражада камайтириши, маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаши ва умумий хавфларга биргаликда жавоб бериш қобилияти билан ҳам белгиланади. Боку саммити ана шу нуқтаи назардан сувни рақобат манбаи эмас, мулоқот, тежамкорлик ва шериклик омилига айлантиришга қаратилган ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлади.
Сув соҳасида шаклланган ишонч озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик мувозанат ва иқтисодий барқарорлик учун ҳам мустаҳкам асос яратади. Шу боис минтақада сув бўйича очиқ мулоқот, аниқ ҳисоб, илмий ҳамкорлик ва замонавий технологияларни кенгайтириш – умумий хавфсизлик архитектурасининг ажралмас қисмига айланмоқда.
Зокир Ишпулатов,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори
