Расмий муносабат
2026-10-14 17:45:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
“Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш” давлат муассасасида назорат органлари томонидан фаолиятни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбирлар ўтказилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай ўрганишларнинг асосий мақсади муассаса фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгилашдан иборат.
Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарда катта миқдорда молиявий зарар етказилгани ҳақида даъволар илгари сурилган. Бироқ хабарда мазкур даъволарни тасдиқловчи расмий ҳужжатлар ёки аниқ далиллар келтирилмаган.
Сув хўжалиги вазирлиги ўз тизимида қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратади.
Вазирлик ваколатли давлат органлари билан қонунчилик доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр бўлиб, ҳар қандай ҳолатга холис ва қонуний баҳо берилиши тарафдоридир.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаолларини маълумотларни тарқатишда холисликка, текширилган фактларга таянишга чақирамиз.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати
