СУВ ХИЗМАТИДАГИ ФИДОЙИ АЁЛ
2026-10-13 16:45:00 / Янгиликлар

Сувнинг қадрини унинг ҳар томчисини ҳисобга олиб, деҳқон даласига ўз вақтида етиб бориши учун масъулият билан меҳнат қиладиган инсонлар яхши билади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сув тақсимотининг аниқлиги, ҳисоб-китобнинг тўғри юритилиши ва сувдан оқилона фойдаланишда гидрометрларнинг хизмати беқиёс.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасида техник гидрометр вазифасида фаолият юритаётган Манзура Нуралиева ана шундай масъулиятли касб эгаларидан. Унинг сув хўжалиги соҳасидаги меҳнат фаолиятига 30 йил бўлди.
Манзура Нуралиеванинг кундалик меҳнати сув сарфи ҳақидаги маълумотларни аниқ қайд этиш, ҳисоб-китобларни юритиш, белгиланган тартибда маълумотларни тақдим этишдан иборат. Бугун қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан тежамкор ва оқилона фойдаланиш тобора муҳим аҳамият касб этаётган бир пайтда гидрометрлар зиммасидаги масъулият ҳам ортиб бормоқда. Чунки сув ҳисобининг аниқлиги уни адолатли тақсимлаш ва исрофгарчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Манзура опанинг меҳнат йўлидаги яна бир эътиборли жиҳат — устозлик. У кўп йиллик фаолияти давомида орттирган тажрибасини шогирдларига ўргатиб, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини шакллантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Гидрометрликда назарий билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Сув сарфини тўғри аниқлаш, ўлчов натижаларини солиштириш, ҳужжатларни аниқ юритиш ва ҳар бир кўрсаткичга масъулият билан ёндашиш амалий тажриба орқали мустаҳкамланади. Шу маънода, тажрибали мутахассисларнинг ёшларга берган сабоқлари соҳанинг эртанги куни учун ҳам муҳимдир.
Манзура Нуралиеванинг 30 йиллик меҳнат фаолияти ҳам ана шу масъулиятли соҳанинг бир қисми. Унинг касбига садоқати, тажрибасини шогирдларига ўргатиши ва сув хўжалиги тизимидаги фаолияти қишлоқ аёлларининг меҳнатсеварлиги ҳамда жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ифода этади.
Халқаро қишлоқ аёллари куни арафасида Манзура Нуралиева сингари ўз касбига меҳр қўйган, йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб, ёш авлодга тажриба улашаётган аёллар фаолиятига эътибор қаратиш айниқса аҳамиятлидир.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати
