Сув хўжалиги соҳасининг фидойи аёллари эътироф этилди
2026-10-13 11:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”, тизим ташкилотлари вакиллари, ҳудудлардан келган фаол ва ташаббускор хотин-қизлар иштирок этди.
Маросимда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев сўзга чиқиб, иштирокчиларни Халқаро қишлоқ аёллари куни билан табриклади ҳамда соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фидойилиги, касбий маҳорати ва жамият ҳаётидаги ўрнини алоҳида эътироф этди.
– Сув хўжалиги – шарафли, айни пайтда ғоят машаққатли касб. Каналлар, насос станциялари ва гидротехника иншоотларида, далада, лабораторияларда, муҳандислик ва бошқарув соҳаларида меҳнат қилаётган сувчиларнинг зиммасида катта масъулият бор. Айниқса, ёзнинг жазирамасида, қишнинг совуғида ҳам халқимизга сув етказиб бериш йўлида хизмат қилаётган инсонлар меҳнати ҳар қандай эътирофга муносиб.
Қувонарлиси, ана шундай мураккаб ва масъулиятли соҳада хотин-қизларимиз эркаклар билан елкама-елка, бирдек фидойилик ва матонат билан меҳнат қилмоқда. Улар нафақат ўз касбининг моҳир мутахассиси, балки оилаларининг меҳрибон бекаси, фарзандларининг тарбиячиси ҳамдир, – деди Шавкат Хамраев.
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, касбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сув хўжалиги тизимида ҳам ушбу йўналишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вазирлик ва идоралар орасида биринчилардан бўлиб соҳада гендер концепцияси ишлаб чиқилган. У хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий ва раҳбарлик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.
Бугунги кунда вазирлик тизимида 33 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг қарийб 2 минг 200 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Тадбирда соҳада меҳнат қилаётган аёлларни рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ва ёш авлодга ибрат сифатида кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.
Бу йилги “Сув хўжалиги соҳасининг аёли – 2026: Касбим – фахрим” танлови Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида ташкил этилди.
Танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан иштирок этган сувчи аёллар ўз касбий маҳорати, ташаббускорлиги, бой тажрибаси ва касбига садоқатини намоён этди.
Маросимда танлов ғолиблари табрикланиб, уларнинг сув хўжалиги соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссаси эътироф этилди. Тадбир давомида хотин-қизларнинг соҳадаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касбий ўсиши ва раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиш муҳим вазифалардан экани қайд этилди.
Ўзбекистон ҳамда Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева ижросидаги “Сен ўзингни асрагил аёл!” қўшиғи даврага кўтаринки кайфият ва файз бахш этди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати
