СУВ РЕСУРСЛАРИНИ САМАРАЛИ БОШҚАРИШ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-10-12 15:25:00 / Янгиликлар

Бугун, 12 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария бўйича Тармоқлараро ишчи гуруҳининг (ТИГ) еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир сув ресурсларини самарали бошқариш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, санитария хизматларини такомиллаштириш ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, шунингдек, халқаро молия институтлари ва ривожланиш ҳамкорлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, Тармоқлараро ишчи гуруҳи ҳамраиси Зокир Ишпўлатов, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева, «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Нодир Ходжамов ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари, Ҳамкорлик бўлими раҳбари Андрин Финк кириш сўзлари билан очди.
— Мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматларини такомиллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, сувга бўлган талабнинг ортиши соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ва барча манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан Тармоқлараро ишчи гуруҳи давлат органлари, халқаро молия институтлари ва ривожланиш ҳамкорлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, устувор вазифаларни мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда, — деди Зокир Ишпўлатов.
Йиғилиш давомида сув соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар ва стратегик ҳужжатлар муҳокама қилинди.
Жумладан, 2026 йилги Сувни тежаш бўйича халқаро форумга тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш юзасидан навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, 2030 йилгача ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини такомиллаштириш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди. Унинг асосий йўналишлари ва соҳани узоқ муддатли ривожлантиришга доир вазифалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидан JTI ташаббуси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сув таъминоти, санитария ва гигиена соҳасидаги лойиҳанинг сўнгги уч йиллик фаолияти, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳам ўрин олди.
Тадбир доирасида Тармоқлараро ишчи гуруҳининг ривожланиш ҳамкорлари томонидан амалга ошириладиган ҳамраислик вазифасини Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигидан Осиё тараққиёт банкига расман топшириш маросими ўтказилди.
Ушбу жараён миллий ташкилотлар ва халқаро ривожланиш ҳамкорлари ўртасидаги ўзаро мулоқот, ҳамкорлик ва фаолиятни мувофиқлаштириш ишларининг изчил давом эттирилишига хизмат қилади.
Йиғилиш якунида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашиб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва навбатдаги амалий вазифаларни муҳокама қилдилар.
Сув хўжалиги вазирлиги
Ахборот хизмати




