ЖИЗЗАХДА ШАКАР ЗАВОДИ ИШГА ТУШИРИЛАДИ
2024-09-30 16:45:00 / Янгиликлар

“NiIe Sugar” компанияси Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар маҳсулотини ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда.
Умумий қиймати 400 млн долларлик инвестициялар ҳисобига алмашлаб экиш орқали 50 минг гектар майдонларда сув тежамкор технологиялар асосида қанд лавлаги етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда кунлик қуввати 12 минг тонна қанд лавлагини қайта ишловчи, йилига 200 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчи завод барпо этиш режалаштирилган.
“NiIe Sugar” компанияси томонидан Ғаллаорол тумани Хонимқўрғон ҚФЙ ҳудудидан инфраструктураларга яқин жойлашган жами 102 га лалми ер майдони шакар ишлаб чиқариш заводи учун танланди.
- Жиззах вилоятида олиб бораётган ишларингиздан хабардормиз. Қанд лавлагини етиштиришда суғориш учун ва заводда шакар ишлаб чиқариш жараёни учун сарфланадиган сувни етказиб бериш бўйича ҳамкорликка тайёрмиз, - деди учрашувда вазир Шавкат Хамраев.
- Ўзбекистонда шакар заводини қуриш катта лойиҳа, - деди “Nile Sugar” компанияси Бош ижрочи директори Эмад Фарид. – Биз учун қишлоқ хўжалиги ерлари ва сув ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Ишчи гуруҳи томонидан синов тариқасида Ғаллаорол туманида қанд лавлаги экиб кўрилди. Натижа жуда яхши. Маҳсулотнинг кўриниши, сифати, атроф-муҳит бизнинг талабларимизга мос келади.
Биз, аввало, ерни, унга келадиган суғориш тизимларини ва сув сифатини ўргандик. Сув омбор қурилаётгани, йил давомида узлуксиз сув таъминоти яратилиши ҳақидаги ташаббуслар бизга ёқди. Шу натижалардан келиб чиқиб, лойиҳанинг техник иқтисодий асословини ишлаб чиқиш бошланди.
Қанд лавлаги экиладиган майдонларга сув етказиб бериладиган ички каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш каби турларини жорий этиш ҳақида келишиб олинди.
Ахборот хизмати


