Марказий Осиёда сув хавфсизлиги ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-08 17:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д. Генджиев, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н. Нуржигитов ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг бош бошқармаси бошлиғи Д. Абдураззоқзода маъруза қилди.
Шунингдек, «Сирдарё» ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси раҳбари О. Холхўжаев ва Қирғиз Республикасининг Туркманистондаги элчиси А. Мадмаров сўзга чиқди.
Учрашувда кейинги йилларда Марказий Осиёда қарор топган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва конструктив мулоқот муҳити сув соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани қайд этилди. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва мунтазам мулоқоти натижасида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, сув-энергетика ҳамкорлиги ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали минтақавий механизмлар шакллангани таъкидланди.
Марказий Осиё давлатларининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш борасидаги кўп йиллик тажрибаси барқарор сув таъминотини таъминлаш ва мавжуд масалаларни ўзаро келишув асосида ҳал этиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида аҳоли сони ва иқтисодиётнинг сувга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётган шароитда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув ҳисоби ва мониторинги тизимларини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига салбий таъсирини камайтириш, қурғоқчилик ва тошқинлар билан боғлиқ хавфларни пасайтириш ҳамда Оролбўйининг экологик барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигининг ўзаро боғлиқлиги инобатга олиниб, ушбу йўналишларда манфаатли ечимларни биргаликда илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Бу борада замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш, сув ҳисобини рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини такомиллаштириш ҳамда қўшма минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири 2027 йил январь ойидан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтиши муносабати билан Жамғарма фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масаласи бўлди.
Хусусан, Амударё ва Сирдарё сув ресурсларини биргаликда бошқариш, иқтисодий ва демографик ўсиш шароитида сувдан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш Жамғарма фаолиятининг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.
Муҳокамаларда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, уларни минтақавий ва халқаро ҳамкорлик механизмлари доирасида изчил амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати
