ДАВЛАТ ТИЛИГА ЭҲТИРОМ — СИФАТЛИ БОШҚАРУВ ВА ЗАМОНАВИЙ СУВЧИЛИК МЕЗОНИ
2026-10-07 10:00:00 / Янгиликлар

21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий сана. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонун миллий ўзлик, давлатчилик ва тафаккур тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Бугун бу сана давлат тилининг давлат бошқаруви, илм-фан, рақамли технологиялар ва профессионал кадрлар салоҳиятидаги ўрнини яна бир бор баҳолаш учун ҳам муҳим.
Сув хўжалиги каби мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатадиган стратегик соҳада тилга муносабат оддий имло масаласи билан чекланмайди. Ходим мураккаб фикрни давлат тилида аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ифодалай олиши, соҳавий атамаларни билиши, зарур маълумотни тез топиб, мазмунли жавоб бера олиши керак. Демак, давлат тилини билиш бугун касбий салоҳиятнинг ҳам муҳим қисмига айланмоқда.
Сўнгги йилларда қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар давлат тилининг нуфузини оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади. Хусусан, 2026 йил 7 августда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни амалий механизмлар билан бойитди.
Қарорда давлат ташкилотларида маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланди. Энди талаб “ҳужжат ўзбек тилида ёзилсин” деган ёндашув билан чекланмайди. Ҳужжат давлат тилида сифатли, аниқ, тушунарли, ҳуқуқий жиҳатдан пухта ва замонавий электрон муҳит талабларига мос бўлиши керак.
Бу талаб сув хўжалиги тизими учун айниқса долзарб. Чунки соҳада ҳар куни хизмат хатлари, топшириқлар, ҳисоботлар, техник хулосалар, лойиҳа ҳужжатлари, далолатномалар ва шартномалар билан ишланади. Биргина ноаниқ ибора мазмуннинг нотўғри талқин қилинишига, айрим ҳолларда эса бошқарув қарорининг самарасига таъсир қилиши мумкин. Демак, тилга қўйилаётган талаб, аввало, кадр сифатига қўйилаётган талабдир.
Шу нуқтаи назардан, қарор ижросини фақат ўтказилган тадбирлар билан ўлчаш етарли эмас. Уни замонавий сувчи мутахассисни шакллантиришга хизмат қиладиган тизим сифатида кўриш лозим. Давлат тили ва маънавият масалалари бўйича маслаҳатчининг вазифаси ҳам ҳужжатларни текшириш билан чекланмай, тил, китобхонлик, касбий билим, рақамли кўникма ва маънавиятни бир-бири билан боғлайдиган муҳит яратишни қамраб олиши керак.
Шу мақсадда вазирлик тизимида натижага асосланган баҳолаш тамойиллари жорий этилмоқда. Ҳар чорак якунида “Вазирлик тизимида давлат тили ва маънавият: 100 кунлик натижа” асосида ҳужжатлардаги хатоларнинг камайиши, китобхонлик ва касбий билим даражаси, тезкор савол-жавоб натижалари, рақамли кўникмалар ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш салоҳияти баҳоланади.
Бу жараёнда 2030 йилга бориб ҳар бир ходим учун бир нечта базавий компетенция устувор аҳамият касб этади. Улар — давлат тилида профессионал мулоқот қилиш, норматив ҳужжатларни тез топиш ва мазмунини англаш, мустақил фикрлаш, китобхонлик ҳамда саволларга тезкор ва асосли жавоб бериш. Бунда ходимдан барча маълумотни ёд билиш эмас, саволнинг моҳиятини тез англаш, ўз ваколати доирасида аниқ жавоб бериш ва зарур манбани кўрсата олиш талаб этилади.
Бу кўникмалар рақамли саводхонлик билан тўлдирилади. Электрон ҳужжатлар, маълумотлар базаси, аналитик дастурлар, GIS, электрон хариталар, рақамли мониторинг воситалари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш замонавий мутахассиснинг иш жараёнига тобора чуқур кириб бормоқда. Шу билан бирга, ахборотни танқидий баҳолаш ва сохта маълумотларни ажрата билиш ҳам зарур.
Шу боис профессионал маданиятни фақат нутқ ва муомала маданияти билан чеклаб бўлмайди. Қонунчиликни билиш, ахборот билан ишлаш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, жамоада тўғри муносабат ўрнатиш ва ўз меҳнатининг жамият фаровонлигига таъсирини англаш бир-бири билан боғлиқ кўникмалардир. Сув хўжалигидаги ислоҳотлар самараси ҳам кўп жиҳатдан шундай кадрларга боғлиқ.
Бу вазифаларни амалга оширишда китобхонлик алоҳида ўрин тутади. Тизимда китоб ўқишни бир марталик маънавий тадбир эмас, касбий ривожланиш воситасига айлантиришга эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ходим йилига камида 4 та бадиий, 4 та касбий-соҳавий ва 2 та замонавий бошқарув ёки шахсий ривожланишга оид китоб ўқиб, улар асосида қисқа таҳлилий эссе ёзиши белгиланган. Бунда мақсад китоб сонини кўпайтириш эмас, ўқилган асарни фикр ва амал билан боғлашдир. Бадиий адабиёт дунёқараш ва тил бойлигини, касбий китоблар соҳавий билимни, бошқарувга оид асарлар эса қарор қабул қилиш ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиради.
Ўқилган билимни амалиётда қўллаш «60 сониялик савол» лойиҳасида янада яққол намоён бўлади. Унда ходимга ўз йўналиши бўйича савол берилиб, қисқа вақт ичида аниқ ва асосли жавоб бериш талаб этилади. Сув тежамкорлиги, сув баланси, насос станциялари самарадорлиги, рақамли сув хўжалиги ёки лавозим доирасидаги муаммоларга оид саволлар орқали тезкор фикрлаш, билимни амалиётга татбиқ этиш ва касбий ишонч баҳоланади. Бу оддий викторина эмас, билимни тез ва самарали қўллаш кўникмасини шакллантириш усулидир.
Қарорда лингвистик экспертиза, давлат тилида иш юритишни мониторинг қилиш ва соҳавий ҳужжатларнинг электрон намуналарини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу сув хўжалигида атамаларни бир хил қўллаш масаласини ҳам долзарблаштиради. Чунки бир тушунчанинг турли ҳужжатларда турлича ифодаланиши электрон маълумотлар базаси ва ахборот тизимларида ҳам муаммо туғдириши мумкин.
Шу мақсадда “Suv xo‘jaligi terminlarining yagona elektron lug‘ati”ни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Унда гидротехника, ирригация, мелиорация, насос станциялари, сув омборлари, сув ҳисоби, автоматлаштириш, сунъий интеллект ва рақамли сув хўжалигига оид атамалар жамланади. Бу ҳужжатларда бир хил атамалардан фойдаланиш билан бирга, электрон тизимларда ҳам ягона ёндашувни таъминлайди.
Бу масала рақамли технологияларни жорий этиш билан янада аҳамиятли тус олмоқда. Бугун сув ресурсларини бошқаришда сенсорлар, масофавий мониторинг, сунъий йўлдош маълумотлари, рақамли моделлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгаймоқда. Шунинг учун технологияни тушуниш ва ундан тўғри фойдаланиш ҳам замонавий мутахассиснинг касбий кўникмасига айланмоқда.
Қарорда давлат тилини ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга оид вазифалар ҳам белгиланган. Матнни овозга, нутқни матнга айлантириш, таржима қилиш ва тасвирдаги ёзувларни таниб олиш каби технологиялар сув хўжалигидаги иш жараёнларини енгиллаштириши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, “AI-Suvchi” каби ички интеллектуал ёрдамчи яратиш ғояси ҳам эътиборга лойиқ. Унга Сув кодекси, норматив ҳужжатлар, техник стандартлар, соҳавий луғатлар ва ҳужжат намуналари киритилса, мутахассис керакли маълумотни тез топиши ва ҳужжат тайёрлашда сунъий интеллектдан фойдаланиши мумкин. Бунда маълумотлар ишончли, мунтазам янгиланиб бориши ва амалдаги қонунчиликка мос бўлиши шарт.
Бироқ барча бу ишларнинг самараси ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, инсонда юз берган ўзгариш билан ўлчанади. Асосий мезон — ходимнинг саводхонлиги, касбий билими, китобхонлиги, рақамли кўникмалари ва одамлар билан мулоқот маданиятидаги ўсишдир.
Шу боис натижаларни аниқ мезонлар асосида баҳолаш кўзда тутилмоқда. Янги авлод ходими давлат тилида иш юритиш талабларини пухта билиши, тизим ходимларининг камида 70 фоизи рақамли сув хўжалиги воситаларидан мустақил фойдалана олиши, камида ярми эса ҳар йили касбий ёки интеллектуал ривожланиш дастурларида иштирок этиши мақсад қилинмоқда. Бу кўрсаткичлар бажарилган ишдан кўра унинг натижасини баҳолаш имконини беради.
Шу маънода сув хўжалигида давлат тилига эҳтиром фақат ҳужжатларни саводли расмийлаштириш билан чекланмайди. У ходимнинг тафаккури, касбий билими, китобхонлиги ва замонавий технологияларни ўзлаштиришида ҳам намоён бўлади. 21 октябрь шу жиҳатдан нафақат тил байрами, балки давлат тилида эркин фикрлайдиган, билимли ва замонавий технологияларни эгаллаган янги авлод сувчисини шакллантириш ҳақида ўйлаш учун ҳам муносиб фурсатдир.
Тилни асраш — тафаккурни юксалтиришдан, тафаккурни юксалтириш эса салоҳиятли инсонни тарбиялашдан бошланади.
Нодира Каримова,
Сув хўжалиги вазирининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси
