СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИ ЁШЛАР ЎРТАСИДА ОДОБ, ОДАТ ВА ТАРТИБГА АЙЛАНТИРИШ ЗАРУР
2026-10-06 16:00:00 / Янгиликлар

Сувни асраш — фақат соҳа мутахассисларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг кундалик одати ва ҳаёт тарзига айланиши керак. Айниқса, ёшлар онгида сувга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Хайрулла Саттаров ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сув хўжалиги соҳасидаги иштирокини кенгайтириш ва жамиятда сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик барча соҳалар қатори сув хўжалиги тизимида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Учрашувда вазир ёшлар — соҳанинг келажаги эканини таъкидлаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, билим ва ташаббусларини рағбатлантириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолишини қайд этди.
Вазирлик тизимида 30 ёшгача бўлган ходимлар улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу боис 2026 йилнинг ўзида олий таълим муассасаларини тамомлаган 1000 нафардан зиёд ёш мутахассис сув хўжалиги тизимига ишга қабул қилинди.
Ёшларнинг нафақат иш билан таъминланиши, балки уларнинг касбий ўсиши, илм-фан ва инновацион изланишлар билан шуғулланиши, ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиб қўшимча даромад орттириши учун ҳам зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Илмий фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва технологияларни амалиётга татбиқ этишига кўмаклашиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаолияти ва амалга оширилаётган лойиҳалари бўйича тақдимот ўтказилди. Хусусан, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини асраш йўналишидаги ташаббуслар, жумладан, “Сувни биргаликда асраймиз” лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Тақдимотда муҳим бир ғоя илгари сурилди: сувдан тўғри ва самарали фойдаланишни ёшлар ўртасида одобга, одатга ва тартибга айлантириш зарур.
Хайрулла Саттаров ёш сувчилар учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди. Лойиҳа доирасида иқтидорли ва ташаббускор ёш мутахассисларни бирлаштириш, уларнинг ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиш майдонларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, сув ва сувдан оқилона фойдаланишга доир замонавий мавзуларни таълим дастурлари ва дарсликларга кенгроқ киритиш, халқаро анжуманлар доирасида ёш сувчилар форумларини ташкил этиш, сув павильонлари ва кўргазмалар ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида сувдан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш кўламини кенгайтириш, айниқса, ёшлар билан ишлашда анъанавий ёндашувлардан ташқари замонавий ва таъсирчан форматлардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ахборот хизмати



