Умуммиллий дастур олдимизга янги вазифалар қўйиб масъулиятимизни оширмоқда
2026-10-05 14:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ана шу вазифаларга устувор аҳамият берилмоқда. Каналлар ҳолатини яхшилаш, насос станцияларини янгилаш, сув омборлари хавфсизлигини таъминлаш ва бошқарувни рақамлаштириш бўйича ишлар ўзаро боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда. 2026 йилнинг тўққиз ойида бажарилган ишлар бу йўналишлардаги амалий ўзгаришларни кўрсатади.
Жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 3 799 километр канал тозаланди, 3 792 та гидротехника иншооти ва 3 738 та гидропост таъмирланди. Каналларни лойқа ва ўсимликлардан тозалаш сув оқимини яхшилашга, иншоотларни таъмирлаш эса сувни тармоқлар ўртасида зарур ҳажмда тақсимлашга хизмат қилади. Гидропостларнинг созлиги қанча сув олингани ва истеъмолчига қанча етказилганини аниқлаш учун зарур. Бу ишлар, айниқса, каналларнинг қуйи қисмидаги хўжаликлар сув таъминотини яхшилашда муҳим.
Сувни истеъмолчига ишончли етказишда насос станцияларининг ҳолати ҳам катта аҳамиятга эга. Қорақалпоғистон Республикасида 284 та насос маҳаллий ишлаб чиқарилган энергия тежамкор агрегатларга алмаштирилди. Тўққиз ой давомида насос станциялари учун 172 та насос, 168 та электродвигатель, 86 та частота ўзгартирувчи қурилма ҳамда умумий қуввати 1 771 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр панеллари харид қилинди. Насосларни янгилаш сув етказиб бериш барқарорлигини ошириш ва электр энергияси сарфини камайтиришга қаратилган. Кутилган натижага эришиш учун ускуналарни тўғри ўрнатиш, эҳтиёжга мос ишлатиш ва уларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш лозим.
Сув етказиб бериш билан бирга, унинг ҳисобини аниқ юритиш ҳам муҳим. Бу борада рақамлаштириш истеъмолчилар учун қулайлик яратмоқда. Республикадаги 101,9 минг сувдан фойдаланувчига ажратилган жами 26,8 миллиард куб метр сув олиш лимити ахборот тизимига киритилди. Тизим Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) билан интеграция қилингани туфайли фойдаланувчилар ўзларига ажратилган лимитни онлайн кўриши мумкин. Шунингдек, 500,8 мингта далолатнома «Suv hisobi» тизими орқали электрон шаклда расмийлаштирилиб, солиқ органларига бевосита тақдим этилди. Бу ўзгаришлар сув тақсимоти ва ҳисоб-китобларнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, тизимга киритиладиган ҳар бир рақамнинг ўлчов натижаларига мослиги учун масъулиятни ҳам оширади.
Рақамли технологиялар сув омборлари ҳолатини кузатишда ҳам қўлланилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 43 та сув омборига сув сатҳини назорат қилиш қурилмалари ўрнатилди, 9 тасида оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди. Шунингдек, 16 та сув омборида 83 та сейсмик станция ўрнатилди. Бу воситалар иншоотлар ҳолатига доир маълумотларни ўз вақтида олиш ва ўзгаришларни кузатиш имконини кенгайтиради. Улардан самарали фойдаланиш учун доимий техник хизмат ва олинган маълумотларни мутахассислар томонидан малакали таҳлил қилиш талаб этилади.
Эришилган натижалар соҳадаги кейинги ўзгаришлар учун замин яратмоқда. Бироқ сувга бўлган эҳтиёжни мавжуд ресурслар ҳисобига қондириш янада кенг кўламли ишларни талаб этади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришни еттита миллий дастурдан бири сифатида белгилагани бежиз эмас. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш мақсади қўйилди. Бу мақсадга эришиш сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва бошқарувни такомиллаштиришни талаб қилади.
Масаланинг умуммиллий дастур даражасида қўйилиши унинг ҳар бир ҳудуд, хўжалик ва оила манфаатига дахлдорлиги билан боғлиқ. Сув тежалса, мавжуд майдонлар таъминотини яхшилаш, янги боғ ва экинзорларни барпо этиш имконияти кенгаяди. Бунинг учун сув хўжалиги ташкилотлари, фермерлар ва маҳаллий масъулларнинг ишини мувофиқлаштириш зарур. Далада ўрнатилган тежамкор суғориш тизимининг самараси сувнинг белгиланган вақтда ва зарур ҳажмда етказилишига ҳам боғлиқ. Демак, биз, сувчилар, иншоотлар ишончлилигини ошириш билан бирга, сув етказиб беришни истеъмолчи эҳтиёжига мос ташкил этишимиз лозим.
Бу вазифанинг қанчалик долзарблигини давлатимиз раҳбарининг жорий сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида келтирилган рақамлар ҳам кўрсатади. Йиғилишда ҳудуддаги 417 минг гектар майдонни суғоришга 5,7 миллиард куб метр сув сарфланаётгани, сув йўқотишлари эса 38 фоизни ташкил этаётгани қайд этилди. Тўрткўлдаги “Ёнбош” ва Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналларини бетонлаш, сув иншоотлари ҳамда артезиан қудуқларини қуриш учун 135 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, келгуси йилнинг 1 апрелигача Қорақалпоғистондаги 59 та, бошқа вилоятлардаги 200 та сув насосини янгилаш вазифаси қўйилди.
Бу вазифаларни бажаришда, аввало, сув кўп йўқотилаётган участкаларни аниқлаш, қурилиш ва таъмирлаш сифатини таъминлаш муҳим. Бетонланган канал ёки янгиланган насоснинг самараси фойдаланиш жараёнида ҳам баҳоланиши керак. Қанча сув тежалгани, таъминот қай даражада яхшилангани ва бир куб метр сувни етказишга қанча электр энергияси сарфлангани кейинги қарорлар учун асос бўлиши лозим. Шунда ҳар бир объектга йўналтирилган маблағнинг амалий натижасини баҳолаш мумкин бўлади.
Умуммиллий дастур доирасида белгиланган вазифалар ҳар бир раҳбар ва мутахассисдан ўз ишининг натижасига масъулият билан ёндашишни талаб этади. Биз, сувчилар, асосий вазифамиз сувни асраш ва истеъмолчига ўз вақтида, зарур ҳажмда етказиб бериш эканини унутмаслигимиз керак.
Шу сабабли дастурда белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, келгусида тўрт йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, минтақада сувдан фойдаланишни режалаштиришда қўшни давлатлар билан маълумот алмашиш ва ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш зарур. Дарёлар оқими, сув омборларидаги захира ва кутилаётган эҳтиёж ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида алмашиш суғориш мавсумига пухта тайёрланишга ёрдам беради. Бу сув кам келадиган даврларда тақсимотни олдиндан келишиш, ҳудудлар ва истеъмолчиларни эҳтимолий ўзгаришлардан барвақт хабардор қилиш учун ҳам муҳим. Шу асосда мамлакатимиздаги сув омборлари ва йирик каналларнинг иш режимини ўзаро мувофиқлаштириб бориш лозим.
Иккинчидан, ҳар бир ирригация тармоғида сув энг кўп йўқотилаётган участкаларни аниқлаб, маблағ ва техникани, аввало, шу жойларга йўналтириш керак. Бунинг учун каналга олинган ва истеъмолчиларга етказилган сув ҳажмини мунтазам таққослаш, ўлчов воситаларининг аниқ ишлашини таъминлаш зарур. Бетонлаш, таъмирлаш ёки ускунани алмаштириш ҳақидаги қарор ана шу таҳлилга асосланса, сарфланган маблағнинг самараси ҳам ортади. Бажарилган ишни баҳолашда қанча сув тежалгани ва қуйи ҳудудлардаги хўжаликлар таъминоти қанчалик яхшилангани асосий мезон бўлиши лозим.
Учинчидан, истеъмолчига сув етказиб бериш жадвалларининг ишончлилигини ошириш зарур. Фермер қачон ва қанча сув олишини олдиндан билса, суғоришни ҳам, бошқа дала ишларини ҳам шунга қараб ташкил этади. Шу боис жадвалларни мавжуд сув захираси, экин эҳтиёжи ва тармоқнинг ўтказиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда истеъмолчилар билан келишиб тузиш мақсадга мувофиқ. Насослар носозлиги ёки электр таъминотидаги узилишлар сабаб сув етказиш тўхтаб қолишининг олдини олиш учун мавсумолди техник кўрик, эҳтиёт қисмлар захираси ва тезкор таъмирлаш ишларини пухта йўлга қўйиш керак.
Тўртинчидан, сувни далага етказиш билан уни тежаб ишлатишни бир-биридан ажратмаслик лозим. Томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш ускунаси ўрнатилган хўжаликда сув таъминоти шу технологиянинг ишлаш талабларига мос бўлиши керак. Сув хўжалиги ташкилотлари, агрономлар ва хизмат кўрсатувчи мутахассислар ҳамкорлигида фермерларга суғориш меъёри, муддати ҳамда ускуналардан фойдаланиш бўйича амалий кўмак беришни кучайтириш зарур. Тежалган сув ҳисобини юритиб, уни, аввало, таъминоти оғир майдонларга йўналтириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Шунда тежамкорликнинг фойдасини алоҳида хўжалик билан бирга бутун ҳудуд ҳис этади.
Президентимиз белгилаган мақсадларга қўшадиган ҳиссамиз сув йўқотишларини камайтириш, таъминотни яхшилаш ва аниқ ҳисоб юритишда намоён бўлади. Деҳқон ислоҳотлар самарасини ўз ҳосилида ва оиласи даромадида ҳис этиши фаолиятимизнинг бош мезони бўлиши лозим.
Илҳом Жўраев,
Сув хўжалиги объектларини эксплуатация
қилиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари
