Ижро интизоми – натижадорлик мезони
2026-10-05 11:35:00 / Янгиликлар

Шу маънода, ижро интизоми – оддий маъмурий талаб эмас, балки ислоҳотларнинг амалий самарасини таъминлайдиган муҳим бошқарув мезонидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан ижро интизоми борасида мустаҳкам тизим яратиш, тартиб ўрнатиш, темир интизомни таъминлаш, раҳбар ва ходимларнинг дунёқарашини ўзгартириш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Мазкур тамойиллар бугун сув хўжалиги тизимида ҳам ҳар бир раҳбар ва ходим фаолиятининг муҳим мезонига айланмоқда.
Ижро назорати – кундалик жараён
Сув хўжалиги вазирлиги тизимида Давлат раҳбари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги ““Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланиб, топшириқларни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва натижасини таҳлил этишда муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Вазирликка келиб тушаётган Президент, Президент Администрацияси ҳамда Ҳукумат топшириқлари, шунингдек, вазирлик буйруқлари, ҳайъат қарорлари ва йиғилиш баённомаларида белгиланган вазифалар мунтазам назоратга олинади.
Энг муҳими, ижро ҳолатини фақат муддат яқинлашганда эмас, балки жараён давомида кузатиб бориш тизими йўлга қўйилган. Топшириқларни бажариш ҳолати раҳбарият даражасида мунтазам муҳокама қилиниб, кечикиш ёки камчилик кузатилган ҳолатларда тегишли чоралар белгиланади.
Бу ёндашувнинг асосий мақсади битта – топшириқни расман ёпиш эмас, унинг амалий натижасини таъминлаш.
Рақамлар ортидаги масъулият
Тизимли назорат муайян натижаларни бермоқда. Хусусан, сентябрь ойида “Ijro.gov.uz” тизимида вазирлик асосий ёки тенг кучли ижрочи сифатида белгиланган Президент Администрацияси раҳбарининг 42 та ва Вазирлар Маҳкамасининг 32 та топшириғи тўлиқ бажарилди.
Шу билан бирга, назоратдаги 146 та Президент топшириғидан 6 тасининг ижроси таъминланмай қолгани соҳада ижро интизомини янада кучайтириш, ҳар бир вазифага шахсий масъулият билан ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Бу рақамларга фақат статистика сифатида қараш тўғри эмас. Чунки ҳар бир топшириқ ортида муайян соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммони ҳал этиш, сув таъминотини яхшилаш ёки белгиланган ислоҳотни амалиётга татбиқ этиш вазифаси туради.
Шу боис ижро интизомида “бажарилди” деган қайднинг ўзи етарли эмас. Натижа қандай? Вазифа амалда нимани ўзгартирди? Кўзланган мақсадга эришилдими? Асосий эътибор ана шу саволларга қаратилиши лозим.
Интизом – бошқарув маданияти
Ижро интизоми, энг аввало, раҳбар ва ходимнинг ишга муносабатида намоён бўлади. Белгиланган муддатга риоя қилиш, вазифани пухта ўрганиш, натижаси учун шахсан жавоб бериш, муаммони олдиндан кўра билиш ва ечим топиш – замонавий бошқарувнинг асосий талабларидандир.
Айниқса, сув хўжалиги каби аҳоли фаровонлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодиёт тармоқлари билан бевосита боғлиқ соҳада ҳар бир қарор ва топшириқнинг ўз вақтида бажарилиши катта аҳамиятга эга.
Шунинг учун ҳам тизимда ижро интизомини мустаҳкамлаш фақат назоратни кучайтириш билан чекланмаслиги керак. У масъулият, талабчанлик, ташаббускорлик ва натижа учун жавобгарликка асосланган иш маданиятига айланиши зарур.
Сув хўжалиги соҳасида белгиланган прогноз кўрсаткичлари ва индикаторларга эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини таъминлаш ҳам ҳар бир раҳбар ва ходимнинг фидойилиги, интизоми ва масъулиятига боғлиқ. Зеро, ижро интизоми бор жойда тартиб бўлади, тартиб бор жойда эса натижа бўлади.
Мухаммаджон Ибрагимов,
Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи
