СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ РАҚАМЛИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ
2026-10-03 09:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–47-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларини QR-код билан махсус ёрлиқлаш ҳамда GPS-трекерлар билан жиҳозлаш тартиби жорий этилди.
Янги тизим сув тежовчи технологиялар тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш, уларнинг ягона ҳисобини юритиш ҳамда қурилмалардан фойдаланиш жараёнларини замонавий усулда мониторинг қилишга қаратилган.
QR-код орқали ҳар бир қурилманинг ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган санаси, маҳсулот етказиб берилган субъект номи ва СТИРи каби асосий маълумотлар шакллантирилади. Ушбу маълумотлар Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли ахборот тизимига киритилиб, маҳсулотларнинг ягона электрон реестри юритилади.
Шунингдек, GPS-трекерлардан келиб тушадиган маълумотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини берувчи махсус модул ишлаб чиқилди ва унинг барқарор ишлаши учун зарур техник инфратузилма яратилди.
Айни пайтда QR-код билан ёрлиқланган ва GPS-трекерлар билан жиҳозланган қурилмаларни ахборот тизимига улаш ишлари ишлаб чиқарувчи ҳамда таъминотчи корхоналарнинг тегишли сўровлари асосида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мазкур рақамли ечим сув тежовчи технологияларнинг ягона электрон реестрини шакллантириш, қурилмалар ҳақидаги маълумотларни марказлашган ҳолда юритиш, GPS орқали уларнинг жойлашуви ва ҳаракатини кузатиш, шунингдек, йиғилган маълумотларни таҳлил қилиш имконини беради.
Энг муҳими, янги тизим сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва улардан самарали фойдаланиш жараёнларининг шаффофлиги ва назоратини кучайтириш, соҳада замонавий рақамли мониторинг механизмларини кенг жорий этишга хизмат қилади.
Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази
