СУВ ХЎЖАЛИГИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: ЗАМОНАВИЙ ИНФРАТУЗИЛМА, ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
2026-10-02 19:05:00 / Янгиликлар

Сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бугун нафақат қишлоқ хўжалиги тараққиёти, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳудудларнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши шароитида мавжуд сув ресурсларини тежаш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув етказиб бериш тизимларининг энергия самарадорлигини ошириш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири — халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда замонавий, самарадор ва узоқ муддат хизмат қиладиган ирригация тизимларини шакллантиришдир.
Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган «Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси ана шундай йирик ташаббуслардан бири ҳисобланади. Лойиҳа доирасида ирригация объектларини реконструкция ва модернизация қилиш, гидротехника иншоотларининг ишончлилигини ошириш, эксплуатация жараёнларини такомиллаштириш ҳамда соҳада замонавий бошқарув ва техник ёндашувларни кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Мақсад — фақат иншоотни янгилаш эмас
2026 йил 27–30 сентябрь кунлари Жаҳон банки вакиллари ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази мутахассисларидан иборат миссия Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида бўлди.
Ташрифнинг муҳим жиҳати шундаки, миссия аъзолари лойиҳаларнинг ҳолатини фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўргандилар. Эксплуатация ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари билан мулоқот қилиниб, объектларнинг техник ҳолати, келгусидаги қурилиш ишларини ташкил этиш, сув бериш режими ҳамда амалий эҳтиёжлар атрофлича муҳокама қилинди.
Бу ёндашув ҳар бир объект бўйича қабул қилинадиган ечимларнинг реал шароит, сувдан фойдаланиш режими ва ҳудуд эҳтиёжларига мос бўлишига хизмат қилади.
Сурхондарё: Занг канали модернизацияга тайёрланмоқда
Миссиянинг дастлабки манзилларидан бири Сурхондарё вилояти бўлди.
28 сентябрь куни Термиз шаҳрида Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарияти ва масъул мутахассислар иштирокида учрашув ўтказилиб, лойиҳанинг ташкилий ва техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 августдаги ПҚ–242-сон қарори асосида Сурхондарё вилоятида Занг каналини гидротехника иншоотлари билан биргаликда комплекс модернизация қилиш режалаштирилган.
Айни пайтда мазкур объект бўйича консалтинг компаниясини танлаш жараёни якунланиш босқичида. Тендер ҳужжатларини жорий йил якунига қадар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Муҳокамаларда лойиҳани амалга оширишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — қурилиш-монтаж ишларини амалдаги сув бериш графиги билан тўғри мувофиқлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, ирригация объектини реконструкция қилиш жараёнида сув истеъмолчилари манфаатини таъминлаш, экин майдонларига сув етказиб беришда узилишларга йўл қўймаслик лойиҳанинг техник ечимлари каби муҳим вазифадир.
Шунингдек, махсус техника воситаларини харид қилиш, соҳада меҳнат қилаётган мутахассислар учун ўқув-семинарлар ташкил этиш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жаҳон банки вакиллари зарур ҳолларда техник ва консультатив кўмакни янада кучайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Қашқадарё: Пахтаобод каналида комплекс ёндашув
29 сентябрь куни миссия Қашқадарё вилоятида ўз ишини давом эттирди.
Қарши шаҳрида Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда Пахтаобод каналини гидротехника иншоотлари билан биргаликда реконструкция ва модернизация қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур объектда ҳам консалтинг компаниясини танлаш жараёни якунланиш босқичида бўлиб, тегишли тендер ҳужжатларини йил якунига қадар тайёрлаш режалаштирилган.
Томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда ва юқори сифатда амалга ошириш, техник масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, махсус техникалар хариди ҳамда мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Миссия аъзолари Пахтаобод канали ва унга туташ инфратузилма объектларини бевосита кўздан кечириб, уларнинг мавжуд техник ҳолатини ўргандилар. Эксплуатация ташкилоти мутахассислари билан мулоқотда объектнинг кундалик фаолияти, реконструкция даврида юзага келиши мумкин бўлган масалалар ҳамда уларни амалий ҳал қилиш механизмлари муҳокама қилинди.
Бу эса лойиҳа ечимларини кабинет шароитида эмас, балки объектнинг ҳақиқий ҳолати ва ундан фойдаланувчи мутахассислар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш имконини беради.
Бухоро: самарадорликка қаратилган модернизация
30 сентябрь куни миссия аъзолари Бухоро вилоятида бўлдилар.
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ўтказилган учрашувда ҳудуддаги каналлар ва гидротехника иншоотларини модернизация қилиш билан боғлиқ вазифалар кўриб чиқилди.
Бу ерда ҳам консалтинг компаниясини танлаш жараёни якуний босқичга кирган. Тегишли тендер ҳужжатларини жорий йил якунига қадар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Жаҳон банки вакиллари лойиҳа доирасида зарур техник ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидладилар.
Миссия давомида объектларга чиқилиб, уларнинг техник ҳолати, эксплуатация жараёнлари ва келгусидаги модернизация ишлари билан боғлиқ амалий масалалар жойида ўрганилди.
Ҳамкорликнинг энг муҳим капитали — билим ва тажриба
Лойиҳанинг аҳамиятини фақат реконструкция қилинадиган каналлар ёки янгиланадиган гидротехника иншоотлари билан ўлчаш тўлиқ тасаввур бермайди.
Замонавий ирригация инфратузилмаси, аввало, уни самарали бошқара оладиган малакали мутахассисни талаб қилади.
Шу боис миссия давомида мутахассислар учун ўқув-семинарлар ташкил этиш, замонавий техник ечимлардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш, эксплуатация хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларининг доимий муҳокама қилингани алоҳида аҳамиятга эга.
Бу ёндашув лойиҳанинг узоқ муддатли самарадорлигини таъминлайди. Чунки замонавий иншоотга замонавий бошқарув, янги техникага эса уни тўғри ишлата оладиган юқори малакали кадр керак.
Мулоқотдан — аниқ ҳаракатларга
2026 йил 2 октябрь куни миссиянинг якунловчи муҳокамалари Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказида ўтказилди.
Унда лойиҳа доирасида белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тендер жараёнларини жадаллаштириш, объектларда зарур қидирув ишларини ташкил этиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини сув бериш режими билан мувофиқлаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Айни пайтда Жаҳон банки ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, техник ва ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида миссиялар ва ишчи учрашувларни мунтазам ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Сув инфратузилмасига инвестиция — келажакка инвестиция
Ирригация тизимини модернизация қилиш — бу фақат канал деворини янгилаш ёки гидротехника иншоотини таъмирлаш эмас.
Бу — ҳар бир куб метр сувнинг қадрини ошириш, сув етказиб бериш тизимининг ишончлилигини таъминлаш, энергия сарфини мақбуллаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун барқарор шароит яратиш ва энг муҳими, келажак авлодлар учун сув ресурсларини асраб қолишга қаратилган тизимли инвестициядир.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси ҳам айнан ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Лойиҳанинг Сурхондарёдан Қашқадарёга, Қашқадарёдан Бухорога қадар қамраб олган ҳар бир объекти замонавий ирригация тизимини барпо этиш йўлидаги алоҳида бўғиндир.
Уларни ягона мақсад бирлаштиради: сувдан янада оқилона фойдаланиш, инфратузилманинг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш ҳамда Ўзбекистон сув хўжалигини замонавий, барқарор ва технологик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш.
Баҳодир Файзуллаев,
Баҳодир Усанов,
«Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси ходимлари





