БАЙРАМ ТАБРИГИ
2026-09-30 20:40:00 / Янгиликлар

Қадрли устоз ва мураббийлар!
Азиз сув хўжалиги соҳаси ходимлари!
Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда:
Дилда зиё борки, умр сарафроз,
Майли, у ҳамиша бахт билан тўлсин.
Эй, азиз муаллим, эй, азиз устоз,
Бу кун байрамингиз муборак бўлсин.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида “Миллий юксалишнинг таянч асоси – мактаб, техникум ва олийгоҳлар эканини сиз, азизлар албатта яхши тушунасиз. Шу боис, бу борада биз аввало сизларга – муҳтарам устоз ва мураббийларимизга таянамиз” деган пурмаъно фикрни айтиб ўтдилар.
Бугунги шиддат билан тараққий этаётган замонда илм-фан, билим ва замонавий тафаккурсиз юксак натижаларга эришиш мушкул. Бу жараён сув хўжалиги соҳасида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Вазирлик тизимида илмий изланишлар олиб бораётган, диссертация ҳимоя қилаётган, замонавий технология ва инновацияларни амалиётга жорий этишга интилаётган мутахассислар сони йил сайин ортиб бормоқда.
Хорижий давлатлар ва халқаро ҳамкорлар билан ўтказилаётган учрашувларда илмий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ва ўқув курсларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, мамлакатимиздаги бошқа олий таълим муассасалари ҳамда сув хўжалиги соҳасида касбга тайёрловчи ўрта-махсус касб-ҳунар коллежлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Йирик сув хўжалиги ташкилотларида олий таълим муассасаларининг кафедралари фаолият юритмоқда, дуал таълим қамрови кенгаймоқда.
Илгари ҳар йили тизимга 500 нафардан зиёд олий таълим муассасалари битирувчилари ишга қабул қилинган бўлса, жорий йилда 1000 нафардан ортиқ ёш мутахассис сафимизга қўшилди.
“Устоз-шогирд” анъанаси асосида тизимга янги ишга қабул қилинган ҳар бир ёшга тажрибали ва малакали мутахассислар бириктирилмоқда. Устозларимиз ёшларга нафақат касб сирларини, балки сувчига хос масъулият, фидойилик, ҳалоллик ва меҳнат маданиятини ҳам ўргатмоқда.
Зеро, сув хўжалигида устоз деганда фақат таълим муассасасида дарс берадиган педагог эмас, балки ўз билими, тажрибаси ва ҳаётий мактаби билан ёш мутахассисни тарбиялаётган ҳар бир фидойи инсонни тушунамиз.
Шу боис, ёшларга устозлик қилаётган тажрибали мутахассисларни рағбатлантириш, уларнинг педагогик ва касбий маҳоратини ошириш борасидаги ишларни янада кучайтиришимиз зарур.
Ишонаманки, устозларимизнинг бой тажрибаси, ёшларнинг ғайрат-шижоати ва илм-фан ютуқларининг уйғунлиги мамлакатимиз сув хўжалигини янги тараққиёт босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган олимлар, соҳага малакали мутахассис тайёрлаб бераётган профессор-ўқитувчилар, тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимларнинг барча устоз-мураббийлари, тажрибали муҳандис ва мутахассисларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-хотиржамлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2026 йил 30 сентябрь
