ОРОЛБЎЙИ КЕЛАЖАГИ: ИНСОН ФАРОВОНЛИГИ, СУВ ХАВФСИЗЛИГИ ВА ЭКОЛОГИК ТИКЛАНИШ
2026-09-29 14:45:00 / Янгиликлар

«Биз аллақачон инсониятнинг энг йирик фожиаларидан бири – Орол денгизи қуриши оқибатларини бошдан кечирмоқдамиз».
Шавкат Мирзиёев
Орол денгизи ҳавзасида аҳоли ҳаёти ва табиий муҳитнинг ҳолати сув ресурсларига бевосита боғлиқ.
Орол денгизининг қуриши ва сув сатҳининг кескин пасайиши натижасида денгиз бир нечта қисмларга, жумладан, Шимолий (Кичик) Орол ва Катта Оролга ажралиб кетди. Уларнинг табиий-географик ва гидрологик шароитлари бир-биридан фарқ қилгани боис, сув ресурсларини бошқариш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ҳудудлар кесимида турлича ёндашувлар шаклланди.
Жумладан, Қозоғистон ҳудудидаги табиий рельеф хусусиятлари Сирдарё оқимини Шимолий Орол ҳавзасида ушлаб қолиш ва сув ресурсларини тўплаш имконини берди.
Ўзбекистон ҳудудида эса Катта Оролни аввалги ҳолатигача тўлиқ сув билан тўлдириш имконияти мавжуд эмаслиги, шунингдек, ҳудуднинг рельефи ва мавжуд гидрологик шароитларидан келиб чиқиб, бошқа стратегик ёндашув танланди. Хусусан, қуйи Амударёдаги табиий ботиқликлар ва мавжуд сув ресурсларидан фойдаланган ҳолда кичик кўллар, сув-ботқоқ ҳудудлари ҳамда бошқариладиган сув ҳавзалари тизими шакллантирилди.
Бундай ёндашувнинг асосий мақсади сувни ягона йирик ҳавзада жамлашдан кўра, мавжуд сув ресурсларини ҳудуд бўйлаб самарали тақсимлаш, сув экотизимларини сақлаб қолиш ва маҳаллий аҳоли ҳамда табиий муҳит эҳтиёжларини таъминлашдан иборат. Шу билан бирга, кичик сув ҳавзаларининг ташкил этилиши қуриган Орол денгизи тубидан кўтариладиган чанг ва туз чангларининг тарқалишини камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда Оролбўйидаги ижтимоий-экологик вазиятни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Барпо этилган кичик кўллар ҳамда сув ҳавзалари маҳаллий аҳолининг, айниқса, чорвачилик ва балиқчилик билан боғлиқ бандлиги ҳамда даромад манбаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, улар балиқлар ва сув қушлари учун яшаш ва кўпайиш муҳитини сақлаб, Оролбўйи биологик хилма-хиллигини муҳофаза қилишга қаратилган.
Қуйи Амударёдаги мазкур тизимга кирувчи еттита ҳавзанинг лойиҳавий сув сиғими сиғими 3,48 млрд м³ни ташкил этади: Междуречье – 380 млн м³, Судочье – 982 млн м³, Машанкўл–Қаражар кўллари тизими – 683 млн м³, Дауткўл – 280 млн м³, Жилтирбас – 781,2 млн м³, Рибачий – 165 млн м³ ва Мўйноқ қўлтиғи – 210 млн м³. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар мазкур кўлларнинг ўзига 742 млн м³ сув йўналтирилди.
Бундан ташқари, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳалари доирасида кўлларнинг сув таъминотини яхшилаш ва Оролбўйидаги экологик хатарларни камайтиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Мақпалкўлда ҳимоя дамбаси ва сув чиқариш иншооти қурилмоқда. Лойиҳа якунлангач, кўлда 70 млн м³гача сув сақлаш ҳамда сув чиқариш жараёнини бошқариш имконияти яратилади. Бу балиқчиликни ривожлантириш, маҳаллий аҳоли даромад манбаларини кенгайтириш, шунингдек, сув жонзотлари ва қушларнинг яшаш муҳитини сақлашга хизмат қилади.
Даркеш ўзанида сув ўтказиш қобилиятини тиклаш ва оқимни тартибга солишга қаратилган реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Натижада кўллар тизимига сув етказиш ҳамда мавжуд сув ресурсларини бошқариш имкониятлари яхшиланиши кутилмоқда.
Аққум ҳудудида маҳаллий дарахт ва буталардан ҳимоя тўқайзорларини барпо этишнинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Кўчатлар экилиб, кўчма қумларни ушлаб қолувчи механик тўсиқлар ўрнатилмоқда. Бу чоралар Судочье кўли ва унга туташ ҳудудларда қум кўчиши, шунингдек, шамол таъсирида туз ва чанг тарқалишини камайтиришга қаратилган. Кейинги босқичларда ҳимоя ўсимликлари майдонини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида “Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда”, деб таъкидлади.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йил декабридан бошлаб Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини оммавий экиш ишлари амалга оширилмоқда.
2018–2026 йилларда 2 млн гектардан ортиқ майдонда яшил қопламалар барпо этилди. Бу ишлар қумларни мустаҳкамлаш, шамол таъсирида туз ва чанг тарқалишини камайтириш, Оролбўйи аҳолисининг саломатлигига ва яшаш муҳитига таъсир этувчи экологик хатарларни юмшатишга қаратилган.
Оролбўйида экологик тикланиш ишларини илмий асосда ташкил этиш ва ҳудуд шароитига мос технологияларни жорий қилиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ҳозирда Марказда шўрланган ерлар ва деградацияга учраган яйловларни тиклаш, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни синовдан ўтказиш, сув ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу фаолият аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш, даромад имкониятларини кенгайтириш ва ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва сув хавфсизлигини таъминлашга доир қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2023 йил 15 сентябрда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашида “Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади”, деб таъкидлади.
Дарҳақиқат, Орол ҳавзасидаги экологик барқарорлик сув ресурсларидан қанчалик самарали фойдаланишга бевосита боғлиқ. Шу сабабли ирригация тармоқларини модернизация қилиш, каналларни бетонлаштириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2020-2025 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 870 километр канал бетонлаштирилди. 2026 йилда яна 1 300 километр йирик каналларни бетонлаштириш режалаштирилган. Бу тадбирлар сувнинг ерга сингиб йўқолишини камайтириш, тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва истеъмолчиларга сувни барқарор етказиб беришга хизмат қилади.
Сувни тежаш билан бирга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. 2017–2026 йилларда 7 160 километр коллектор-дренаж тармоғи қурилди ва реконструкция қилинди, 127,8 минг километр тармоқда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Мазкур тадбирлар сизот сувлари сатҳини тартибга солиш, ортиқча сув ва тузларни дренаж орқали чиқариш ҳамда тупроқнинг қай-та шўрланиш хавфини камайтиришга қаратилган. Бу эса ер унумдорлигини сақлаш, экинларнинг ўсиши учун қулай шароит яратиш ва фермер хўжаликлари даромадининг барқарорлигига хизмат қилади.
Сув ҳисобини рақамлаштириш доирасида 2026 йил ҳолатига кўра, сув олиш нуқталарига 13 мингдан ортиқ “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилди. Уларнинг сонини 2030 йилга қадар 18 мингтага етказиш режалаштирилган. Мазкур қурилмалар сув сарфини масофадан кузатиш ва ҳисобга олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Келгусида уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ўлчовлар аниқлигини ошириш ҳамда тўпланган маълумотлар асосида сув тақсимотини янада такомиллаштириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
Ҳозирда Жанубий Оролбўйидаги кўллар ва кичик сув ҳавзалари мониторингини рақамлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу доирада ҳавзаларга келиб тушадиган сув ҳажми, сув сатҳи ва сифат кўрсаткичларини автоматик кузатиш ҳамда маълумотларни ягона рақамли платформада жамлаш назарда тутилган. Мазкур тизим сув тақсимотини аниқ маълумотлар асосида бошқариш, кўлларнинг экологик ҳолатидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва сув таъминотини режалаштириш имконини беради.
2026 йил 22 апрель куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2027–2029 йилларга Жамғарма Президенти этиб сайланди.
Йиғилишда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, экологик ва ижтимоий лойиҳаларга халқаро молиявий ресурсларни жалб этиш, лойиҳалар натижадорлигини ошириш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенгайтиришга доир аниқ ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг изчил амалга оширилиши Оролбўйида сув таъминотини яхшилаш, табиий экотизимларни сақлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш учун янги имкониятлар яратади.
Кўлларнинг сув таъминоти ва сифатини назорат қилиш, сув йўқотишларини камайтириш ҳамда қуриган денгиз тубида барпо этилган ўрмонзорларни парваришлаш келгусида ҳам устувор вазифалар бўлиб қолади. Оролбўйининг барқарор келажаги Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, аҳоли ва табиат эҳтиёжлари ўртасида мувозанатни таъминлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга боғлиқ. Бу борада амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги – экотизимлар ҳолати ва аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Биродаржон Бурхонжонов,
Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги раҳбари
