МИНТАҚАДАГИ МАВЖУД СУВ РЕСУРСЛАРИДАН САМАРАЛИ ВА ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2024-09-20 19:15:00 / Янгиликлар
Дастлаб давлатлар деллегация раҳбарларини ва Жамғарма Ижроия қўмитаси раисини Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов қабул қилиб, Бош вазир минтақадаги мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш борасида минтақа давлатлари томонидан олиб борилаётган ҳамкорликнинг самарадорлиги, ОҚХЖнинг кейинги йилларда эришган натижалари тўғрисида тўхталиб ўтди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Ўзбекистон Президентининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида мамлакатлараро манфаатли алоқалар, ўзаро қўшничилик ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларини юксак баҳолади.
ОҚХЖ Бошқарувининг йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар юзасидан ҳисоботлар эшитилди. Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури, Жамғарма ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, минтақа давлатлари гидрометеорология хизматларини модернизация қилиш лойиҳасининг иккинчи босқичини тайёрлаш каби масалалар юзасидан келишувларга эришилди. Жорий йил охирида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Ягона сув” саммитига тайёргарлик кўриб чиқилди.
Жамғарма Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон делегацияларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида сув ва энергетика соҳаларида икки ҳамда кўп томонлама аҳамиятга эга бўлган муносабатларнинг жорий ҳолати ва келгусида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари Оролбўйи ҳавзаси мамлакатлари орасида географик жиҳатдан ўхшашлиги ва шу боис минтақадаги дарёларнинг бош қисми ҳудудларида жойлашган сув омборларни қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ишлатиш, электр энергия масалаларида ҳам келгусида ишларни мувофиқлаштириб бориш тўғрисида келишиб олдилар.
Кўп томонлама учрашувда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Зиёзода, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Т.Атахаллыев билан минтақа кун тартибида долзарб бўлиб турган сув, экология ва қишлоқ хўжалигига оид масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, 19 сентябрь куни Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги сув хўжалиги раҳбарлари бошчилигида қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди ҳамда йиғилишда соҳага оид икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати муҳокама қилиниб, мавжуд масалаларнинг ечими юзасидан аниқ фикрлар алмашилди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳаси, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги Минтақавий стратегия лойиҳасини минтақанинг бошқа давлатлари билан келишиш муҳокама қилинди. Давлатлараро аҳамиятга эга бўлган гидропостларда сувнинг ҳисоби ва мониторингини юритиш мақсадида уларда автоматик қурилмаларни жорий қилишга келишиб олинди.
Шунингдек, Оролбўйи минтақасида сув, экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган умумий қиймати 25,3 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди, жумладан:
Амударё ва Сирдарё дельталарида кичик сув омборларни (локальные водоёмы) ташкил этиш;
- Оролбўйи минтақасида экотизимларни тиклаш ва сақлаш;
- Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш;
- Орол ҳавзаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитар вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳалари кўриб чиқилди.
Учрашувлар очиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати