ЯНГИ ИЖТИМОИЙ ЛОЙИҲА: ЁМҒИР СУВЛАРИНИ ЙИҒИШ ВА ТЕЖАМКОР СУҒОРИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
2026-09-20 20:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт» уюшмаси ўртасида «Қўшработ ва Бахмал туманларида ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва суғоришда тежамкор технологияларни қўллаш орқали аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама шартнома тузилган. Лойиҳа учун 600 миллион сўм ажратилган бўлиб, уни амалга ошириш муддати 7 ой этиб белгиланган.
Мазкур лойиҳа 2026 йил 19 августдаги Парламент комиссияси қарори билан ғолиб деб топилган. Сув хўжалиги вазирлиги давлат буюртмачиси, «Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт» уюшмаси эса ижтимоий буюртманинг бевосита ижрочиси ҳисобланади.
Лойиҳа учун Бахмал ва Қўшработ туманларининг танланиши бежиз эмас. Бу ҳудудларда бир томондан ёғингарчилик нисбатан кўп бўлса, иккинчи томондан ёз ойларида томорқаларни суғориш учун сув танқислиги кузатилади. Бахмал метеостанцияси маълумотлари бўйича ўртача кўп йиллик ёғингарчилик миқдори 441 миллиметрни, Қўшработда эса 389 миллиметрни ташкил этади.
Хусусан, Бахмал тумани Ойқор МФЙдаги томорқалар Тангатопдисойдан сув олади. Июнь ойидан бошлаб ёз мавсуми давомида сойда сув миқдори камаяди. Қўшработ тумани Қийқим МФЙда ҳам томорқаларни сув билан таъминлайдиган Оқтепасойда ёзда шундай ҳолат кузатилади.
Лойиҳа ана шу муаммога оддий ва амалий ечим таклиф қилмоқда — ёғингарчилик даврида сувни йиғиб, махсус сиғимларда сақлаш ва сув танқис бўлган пайтда томорқа экинларини тежамкор усулда суғориш.
Дастлаб Бахмал тумани Ойқор МФЙдан 8 та ва Қўшработ тумани Қийқим МФЙдан 8 та — жами 16 та эҳтиёжманд оила танлаб олинади. Уларнинг хонадонларида ёмғир сувларини йиғиш ва сақлаш ҳамда экинларни сув тежовчи технологиялар асосида суғориш тизимлари ўрнатилади. Хонадонларни танлаш туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, томининг майдони ўртача 100 квадрат метр бўлган битта хонадонда йиллик ёғингарчилик ҳисобидан Бахмалда 44 тоннагача, Қўшработда эса 38 тоннагача ёмғир сувини йиғиш имкони мавжуд. Бу сув 10 сотих томорқада мевали дарахтларни томчилатиб суғориш учун талаб этиладиган сувнинг 45–50 фоизини, сабзавотларни томчилатиб суғоришда 30–35 фоизини, ёмғирлатиб суғоришда эса 25–30 фоизини қоплаши мумкин.
Шундай қилиб, ҳар бир хонадонда йилига ўртача 40 тонна ёмғир сувидан фойдаланиш йўлга қўйилса, лойиҳа қамраб олган 16 та хонадонда бир йилнинг ўзида 640 тоннагача сувни йиғиш ва томорқа эҳтиёжларига йўналтириш имкони пайдо бўлади. Бу эса мавжуд сув манбаларига тушадиган босимни камайтириш билан бирга, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши ва қўшимча даромад олишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур ташаббус 2026 йил 16 февралда қабул қилинган ПФ–22-сонли Фармонда белгиланган вазифалар билан ҳам уйғун. Давлат дастурининг 208-бандида аҳоли ўртасида сув ресурсларини тежаб ишлатиш маданиятини шакллантириш орқали уй хўжалигида томорқадан унумли фойдаланишни ривожлантириш, суғоришнинг замонавий ва тежамкор технологиялари афзалликларини тарғиб қилиш ҳамда тажриба майдончаларини ташкил этиш белгиланган.
Айни шу мақсадда Бахмал тумани Ойқор МФЙда давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда «Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт» уюшмаси вакиллари, сув хўжалиги ва "Bog'bon" инвитро лабораторияси мутахассислари ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Лойиҳа натижасида ёмғир сувини шунчаки оқиб кетадиган табиий ресурс эмас, балки йиғиш, сақлаш ва зарур пайтда самарали ишлатиш мумкин бўлган қўшимча сув манбаи сифатида фойдаланиш бўйича амалий тажриба майдончалари яратилиши кўзда тутилганлиги семинар иштирокчиларига тушунтирилди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати







