ИСТИҚЛОЛНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ ВА БУГУНГИ МАСЪУЛИЯТ
2026-09-18 20:45:00 / Янгиликлар

Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этди. Ҳудудлардаги иштирокчилар семинарга студиялар орқали уланди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирни Сув хўжалиги вазири ўринбосари Ўткир Шералиев очди. У мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, уни қадрлаш ва мустаҳкамлашда ҳар бир фуқаронинг масъулияти ҳақида сўз юритди. Президент нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни тизим ходимларига етказиш семинарнинг асосий мақсади эканини қайд этди.
Тарих фанлари доктори Файзулло Эрназаров "Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос" мавзусида маъруза қилди. У давлатчилигимизнинг тарихий илдизлари, аждодларимизнинг илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда улар қолдирган мероснинг бугунги аҳамиятига тўхталди.
Маърузада Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийнинг илмий-маънавий мероси ҳақида фикр юритилди. Амир Темур давлатчилиги, жадидларнинг маърифат ва миллий истиқлол йўлидаги интилишлари ҳам ёритилди. Тарихий меросни ўрганиш миллий ўзликни англаш, ёш авлодда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини тарбиялашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Психология фанлари бўйича фалсафа доктори Зебинисо Хайруллаева "Инсон қадри — 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови: эркинлик, билим, соғлиқ ва ёшлар" мавзусида маъруза қилди. У инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, соғлом авлодни тарбиялаш ҳамда ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, ислоҳотларнинг самараси, аввало, одамларнинг кундалик ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда кўринади. Инсоннинг муносиб яшаши, билим олиши, соғлиғини асраши ва ўз қобилиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш «Инсон қадри учун» ғоясининг асосий мазмунини ташкил этади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими, тарих фанлари доктори Фарҳод Очилов "Миллий юксалиш ўн йиллиги: етти миллий дастур яхлит тизим сифатида ва нутқнинг бош ғоялари" мавзусида сўз юритди. Маърузада Президент нутқида белгиланган устувор вазифалар, етти миллий дастурнинг мазмуни ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги тушунтирилди. Мамлакат тараққиётининг янги босқичида давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштироки муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир давомида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган видеоролик ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази тайёрлаган «Ўзбек келаётир, тарих қаъридан» номли видеоклип намойиш этилди.
Семинарда республика студияларидан 80 нафардан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва тизим ташкилотларидан эса минг нафардан зиёд ходим қатнашди.
Маърузаларда мустақилликнинг тарихий қадри, миллий мерос ва инсон манфаатлари бир-бири билан боғлиқ ҳолда ёритилди. Истиқлолни асраб-авайлаш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши, билими ва ҳалол меҳнати билан ҳам бевосита боғлиқ экани таъкидланди.
Нодира Каримова,
Сув хўжалиги вазирининг маънавият
ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси





