Ўзбекистон ва Миср сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
2026-09-16 09:10:00 / Янгиликлар

Сафар доирасида Миср Сув ресурслари ва ирригация вазири Ҳани Сувейлем билан учрашув ўтказилди. Томонлар сув танқислиги, суғорма деҳқончилик, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда иқлим шароитига мос сув бошқаруви масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги сув хўжалиги соҳасидаги муносабатларнинг тарихий илдизлари ва бугунги кундаги амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, IX асрда Миср ҳудудида фаолият юритган, Фарғона заминидан етишиб чиққан буюк олим ва муҳандис Аҳмад ал-Фарғоний номи икки давлат ўртасидаги тарихий илмий-маърифий алоқаларнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди. Аҳмад ал-Фарғоний томонидан 861 йилда Қоҳира яқинидаги Равда оролида Нил дарёси сув сатҳини ўлчашга мўлжалланган “Миқёс ан-Нил” (Ниломер) мукаммал тарзда қайта тикланган бўлиб, мазкур иншоот ўша даврда Нил сув сатҳини назорат қилиш ва сув миқдорини баҳолашда муҳим аҳамият касб этган.
Мисрнинг чўл ҳудудларини ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалиги оборотига киритишга қаратилган “Mostaqbal Misr” (“Миср келажаги”) лойиҳасига алоҳида қизиқиш билдирилди. Шунингдек, замонавий айланма суғориш тизимлари, дренаж сувларини тозалаш ва қайта фойдаланиш, гидрогеология, энергия самарадорлиги ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Делегация Миср Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказида ҳам бўлиб, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва яйловларни бошқариш соҳасидаги ишлар билан танишди.
Дастурга мувофиқ, “Mostaqbal Misr” (Миср келажаги) лойиҳаси, Чўл тадқиқотлари маркази, Миллий сув тадқиқотлари маркази, Натрон водийси (Wadi El Natrun) ҳудудидаги сув хўжалиги инфратузилмаси ҳамда Саха қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот станцияси фаолияти билан танишиш режалаштирилган. Шу билан бирга, рақамли молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик, уруғчилик ва иқлим ўзгаришига чидамли экинларни етиштириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлади.
Сафар якунлари бўйича сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Ахборот хизмати


