Ёш сувчилар учун муносиб шароит – соҳа келажагига сармоя
2026-09-15 16:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимида ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги иш муҳитига тез мослашиши ҳамда ижтимоий шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай амалий ташаббуслардан бири – ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция биносида ёш ходимлар учун “Сувчилар уйи” ташкил этилганидир. Унда тизимга ишга қабул қилинган ёш мутахассисларнинг яшаши учун зарур шароитлар яратилган.
Бу ташаббуснинг аҳамияти фақат ёш ходимни турар жой билан таъминлаш билангина чекланмайди. “Сувчилар уйи” ёш мутахассисларнинг бир жамоа бўлиб шаклланиши, тажриба алмашиши, касбий ва маънавий жиҳатдан камол топиши учун ҳам ўзига хос муҳит яратмоқда.
Ёш кадрнинг соҳада муносиб ўрин эгаллаши учун назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Кўп йиллик тажриба, амалий кўникма, масъулият ва касбга садоқат ҳам муҳим. Шу мақсадда ёш мутахассисларга соҳада узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали ходимлар устоз сифатида бириктирилган.
Устоз-шогирд анъанаси асосида йўлга қўйилган бу тизим орқали ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, сув хўжалиги объектларида ишни ташкил этиш тартибини пухта ўзлаштириш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник талабларни чуқур ўрганишига кўмаклашилмоқда.
Тажрибали мутахассислар ёш ходимларга суғориш тармоқларини самарали бошқариш, сувни истеъмолчиларга белгиланган тартибда етказиб бериш, сув ҳисобини тўғри юритиш, ирригация ва мелиорация тизимларининг техник ҳолатини назорат қилиш, энг муҳими, сувнинг ҳар бир томчисига масъулият билан муносабатда бўлиш борасида ўз билим ва тажрибаларини улашмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳам эътибордан четда қолмаган. “Сувчилар уйи”да китоб мутолааси учун шароит яратилган, шахмат ва шашка каби ақлий спорт турлари билан шуғулланиш имконияти йўлга қўйилган. Бундай муҳит ёшларнинг нафақат касбий, балки интеллектуал ва маънавий ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати


