“Бюрократиясиз Ўзбекистон” жамоатчилик ташаббуси ўтказилади
2026-09-14 15:05:00 / Янгиликлар

Ташаббусдан кўзланган мақсад – фуқаролар ва тадбиркорлар давлат органларига мурожаат қилиш жараёнида дуч келаётган бюрократик тўсиқларни аниқлаш, ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда энг долзарб муаммолар бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқишдан иборат.
Дастур доирасида ортиқча ҳужжат талаблари, такрорий жараёнлар ва кўп босқичли келишувларни бартараф этиш, идоралараро маълумот алмашинувини такомиллаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташаббус 2026 йил 21 сентябрдан 20 ноябрга қадар давом этади. Ушбу даврда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари murojaat.byurokratiyasiz2030.uz электрон платформаси орқали ўзлари дуч келган бюрократик тўсиқлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларини юборишлари мумкин.
Келиб тушган таклифлар соҳа экспертлари томонидан ўрганилиб, энг асосланган ва амалий аҳамиятга эга таклифларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилади. Натижалар ва статистик маълумотлар жамоатчиликка очиқ тақдим этиб борилади.
Ташаббус якунлари асосида энг долзарб бюрократик жараёнлар аниқланиб, уларни соддалаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва давлат хизматларини янада қулай ҳамда рақамли шаклга ўтказиш бўйича тегишли чоралар белгиланади.
Ахборот хизмати
