Ўзбекистон – Жанубий Корея: сув ҳамкорлигида янги уфқлар
2026-09-14 10:05:00 / Янгиликлар

Шу маънода, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида сув хўжалиги соҳасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик икки давлат муносабатларининг энг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бунда делегациялар алмашинуви, ўзаро ташрифлар, экспертлар мулоқоти, қўшма лойиҳалар, малака ошириш ва ўқув дастурлари муҳим ўрин тутади.
Хусусан, 2025 йилда Корея сув ресурслари корпорацияси (K-Water) бош директори ва Осиё сув кенгаши (AWC) бош котиби Ён-док Чо бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. 2026 йил 25–26 май кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган “Сув барқарор тараққиёт учун” тўртинчи халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Жанубий Корея Президентининг глобал иқлим ва атроф-муҳит бўйича махсус вакили Кимул Канг хоним билан учрашди. Мулоқотларда сув соҳасига инновацион ёндашувларни жорий этиш ва амалий тажриба алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Жанубий Кореянинг K-Water корпорацияси сув ресурсларини комплекс бошқариш, сув омборлари ва каналларни қуриш ҳамда модернизация қилиш, аҳоли ва саноатни сув билан таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича катта тажрибага эга давлат корпорациясидир. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги вакиллари бир неча бор K-Water корпорациясига ташриф буюриб, кореяликларнинг тажрибасини ўрганишган.
Осиё сув кенгашига 2015 йилда Жанубий Корея ташаббуси билан асос солинган. Бугунги кунда 26 та мамлакатдан 170 дан ортиқ иштирокчини бирлаштирган ушбу кенгаш сув тежовчи технологияларни ривожлантириш ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон 2025 йилда мазкур кенгашга аъзо бўлди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги сув хўжалиги ҳамкорлигининг амалий натижалари ҳақида сўз кетганда, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA гранти ҳисобидан амалга оширилган “Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари асосида сув ресурсларини интеграл бошқариш бош режаси ва пилот лойиҳаси”ни алоҳида қайд этиш жоиз.
2016–2018 йилларда амалга оширилган лойиҳа доирасида 61 та йирик сув хўжалиги объектига сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмалари, 15 та кичик метеостанция ва кузатув камералари ўрнатилди. Шунингдек, Сув ресурслари мониторинги маркази ташкил этилди. Бу эса сувнинг ҳаракати ва ҳажмини, шунингдек, объектлардаги вазиятни тезкор кузатиш ҳамда бошқарув қарорларини аниқ маълумотлар асосида қабул қилиш имкониятини кенгайтирди.
Ҳамкорликнинг навбатдаги муҳим йўналиши Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC) билан Кореянинг Тараққиётга расмий ёрдам (ODA) дастури доирасида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сувлари Бош режасини ишлаб чиқиш” лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ.
Умумий қиймати 8 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур грант лойиҳасини 2027–2030 йилларда, 48 ой давомида амалга ошириш режалаштирилган. Унинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва уларни комплекс бошқариш Бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Сирдарё вилояти Боёвут туманида замонавий сув хўжалиги ечимларини жорий этишдан иборат.
Пилот лойиҳа доирасида Боёвут туманидаги ирригация тармоқларини бетонлаштириш, сувни ўлчаш ва бошқариш жараёнларига рақамли қурилмаларни жорий этиш, гидротехник иншоотларни автоматлаштириш назарда тутилган. Бу ерда амалга ошириладиган замонавий ечимлар келгусида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенг татбиқ этилиши мумкин.
Шунингдек, соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда тренинглар, семинарлар ҳамда ўқув курслари ташкил этилади.
Лойиҳага тайёргарлик доирасида Корея делегацияси 2025 йилнинг август ва октябрь ойларида Ўзбекистонда дала-тадқиқот ишларини олиб борди. Боёвут туманида каналларни бетонлаштириш, рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича вазирлик таклифлари ўрганилиб, Корея томонидан маъқулланди. Лойиҳа Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлиги ички комиссияси тасдиғидан муваффақиятли ўтиб, ODA дастури доирасида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида беғараз ёрдам ажратилиши маъқулланди.
Бугун сувни самарали бошқариш учун унинг ҳар бир куб метрини аниқ ҳисобга олиш зарур. Манбада қанча сув бор, каналга қанча сув олинди, йўлда қанча йўқотилди ва истеъмолчига қанча сув етказиб берилди – бу маълумотларни реал вақт режимида кўриб бориш замонавий бошқарувнинг асосий шартидир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг энг муҳим истиқболларидан бири – алоҳида қурилмаларни ўрнатишдан ягона рақамли сув экотизимини шакллантиришга ўтишдир.
Келгусида сув омборлари, гидроузеллар, каналлар, насос станциялари, гидропостлар ва мелиоратив кузатув қудуқларидан олинадиган маълумотларни ягона платформада бирлаштириш мақсадга мувофиқ. Сунъий интеллект ёрдамида сувга бўлган талабни прогнозлаш, сув оқимидаги ўзгаришларни олдиндан аниқлаш, носозликлар ёки ортиқча йўқотишлар ҳақида автоматик огоҳлантириш тизимларини жорий этиш мумкин.
Бироқ энг замонавий қурилма ва дастурий таъминот ҳам уни бошқарадиган малакали мутахассиссиз кутилган натижани бермайди. Шу боис Ўзбекистон–Жанубий Корея сув ҳамкорлигининг марказида инсон капитали туриши зарур.
Бу борада қўшма семинарлар ва малака ошириш дастурлари мунтазам ташкил этилмоқда. Масалан, 2026 йил 20–24 июль кунлари Жанубий Корея Республикасида сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш, сув таъминоти тизимларидаги йўқотишларни камайтириш, оқова сувларни тозалаш ва қайта фойдаланиш ҳамда замонавий рақамли технологияларни сув хўжалигига жорий этишга бағишланган халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўқув дастурида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ҳамда Марказий диспетчерлик бўлими мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида сув ресурсларини бошқаришда маълумотларни тезкор йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, сув объектлари фаолиятини масофадан назорат қилиш ҳамда бошқарув қарорларини рақамли маълумотлар асосида қабул қилиш бўйича Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди.
Иштирокчиларга сув ресурсларини бошқариш жараёнида Digital Twin, сунъий интеллект, автоматлаштирилган мониторинг ва маълумотлар таҳлилига асосланган технологиялардан фойдаланиш имкониятлари намойиш этилди.
Ўзбекистон–Жанубий Корея сув ҳамкорлиги фақат технологиялар алмашинуви билан чекланмайди. Бу — табиий ресурсларга масъулиятли муносабат, иқлим ўзгариши оқибатларига биргаликда ечим топиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги тараққиёт моделидир.
Зеро, сувни асраш йўлидаги ҳамкорлик – келажакни асраш йўлидаги ҳамкорликдир.
Шуҳрат Суюнов,
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи
