Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш – тараққиёт ва сув хавфсизлигининг стратегик омили
2026-09-14 09:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистонда сув хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурсларини интеграциялашган асосда бошқариш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу йўналишдаги ишларнинг ҳуқуқий ва стратегик асослари ҳам изчил мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури соҳадаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–22-сонли Фармонида ҳам сув хўжалиги тизими олдига муҳим вазифалар қўйилган.
Ушбу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигида тегишли ишчи гуруҳ тузилиб, “Йўл харитаси” тасдиқланган. Белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ижроси доимий назоратга олиниб, амалга оширилган ишлар ҳар чорак якуни бўйича вазирлик Ҳайъати йиғилишларида муҳокама қилиб борилмоқда.
Амалий натижалар ҳам салмоқли. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун жами 1 триллион 344 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада 640,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар татбиқ этилди. Жумладан, 138,4 минг гектарда томчилатиб, 26,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 107,4 минг гектарда дискрет ва эгилувчан қувурлар орқали суғориш технологиялари жорий қилинди. Яна 64,8 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули қўлланилди, 302,9 минг гектар ер майдони лазерли текисланди.
Сув хўжалиги инфратузилмасини янгилаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 308 та лойиҳа доирасида 1 триллион 482 миллиард сўм ўзлаштирилди. Бу маблағлар эвазига 20 километр лоток тармоғи, 33 километр ёпиқ суғориш қувури реконструкция қилинди, 29 та гидротехника иншоотида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, жами 744 километр канал, жумладан, Давлат бюджети ҳисобидан 730 километр ҳамда Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига 14 километр канал бетонлаштирилди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда очиқ коллектор-дренаж тармоқларини ёпиқ тизимга ўтказиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2026–2028 йилларда 10 минг километр очиқ дренаж ва коллектор тармоқларини ёпиқ-ётиқ дренаж тизимига ўтказиш дастури ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг ўзида 1 350 километр тармоқни ёпиқ тизимга ўтказиш режалаштирилган. Бу ишлар биринчи навбатда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади. Айни пайтда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида 39 километрдан зиёд очиқ коллектор тармоғи ёпиқ тизимга ўтказилди.
Соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам устувор йўналишлардан бирига айланмоқда. V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сув хўжалиги вазирлиги ва Германиянинг “Leman SWMS Investment” консорциуми ўртасида йирик инвестиция лойиҳаси бўйича электр энергиясини харид қилиш тўғрисида битим имзоланди. Лойиҳа 9 та майдонда умумий қуввати 800 МВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ва сиғими 400 МВт·соатгача бўлган аккумуляторли энергия сақлаш тизимларини барпо этишни назарда тутади. Унинг амалга оширилиши насос инфратузилмасини модернизация қилиш, электр энергияси сарфини камайтириш ва тизимнинг барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Сув масаласида қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил 15 май куни Наманган шаҳрида сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси Қўшма комиссиясининг 8-йиғилиши ўтказилиб, вегетация даврида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув тақсимоти бўйича келишилган чораларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
7 август куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 94-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2026 йилги вегетация даври учун сув олиш лимитлари, сув омборларининг иш режимлари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва давлатлар ўртасида ахборот алмашинувини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Янги ер майдонларини фойдаланишга киритиш ва мавжуд майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш бўйича ҳам аниқ чоралар кўрилмоқда. Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш доирасида 9 километр суғориш ва 8 километр коллектор тармоғи қурилди, 91 та қудуқ барпо этилди ҳамда 42 та насос агрегати ўрнатилди. Шунингдек, 220 километр ирригация ва 33 километр мелиорация тармоғида таъмирлаш ишлари бажарилди.
Энг муҳим натижалардан бири – сув тежамкорлиги. 2026 йил суғориш мавсуми учун республика бўйича иқтисодиёт тармоқларига жами 32 миллиард 652 миллион куб метр, шундан суғориш тадбирлари учун 29 миллиард 406 миллион куб метр сув олиш лимити ажратилган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 10 миллиард 807 миллион куб метр сув ресурслари етказиб берилган.
Вазирлик томонидан республика бўйича 2026-йил давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига 11 млрд. куб метр сувни иқтисод қилиш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Бунда, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазерли текислаш ҳисобидан 5 млрд. куб метр, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаш тадбирлари амалга ошириш ҳисобидан 3 млрд. 279 млн. куб метр, соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобидан 707 млн. куб метр, сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш, экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш орқали 2 млрд. 14 млн. куб метр сув тежаш режалаштирилди.
Бунинг натижасида, Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятларда 2026 йилнинг январь-август ойларида, қуйидаги тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 9,457 млрд. куб метр сув тежалишига эришилди. Хусусан:
- сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш орқали – 4 млрд. 565 млн. куб метр;
- ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаштириш тадбирларини амалга ошириш орқали – 2 млрд. 663 млн. куб метр;
- рақамли технологияларни жорий қилиш орқали – 545 млн. куб метр;
- кам сув талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш, экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан – 1 млрд. 684 млн. куб метр сув тежалишига эришилди.
Бугун сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти фақат каналларни бетонлаштириш ёки янги технологияларни жорий этиш билангина чекланмайди. Энг асосий мақсад – сувнинг ҳар бир куб метрини ҳисобга оладиган, уни манбадан истеъмолчигача самарали бошқарадиган, замонавий технологиялар ва илмий ёндашувларга таянган барқарор тизимни шакллантиришдир.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш – қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим шартидир. Шу маънода, бугун сув хўжалигида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа ва тежалган ҳар бир куб метр сув мамлакатимизнинг эртанги тараққиётига қўшилган амалий ҳиссадир.
А.Xасанов,
Стратегик режалаштириш ва ахборот-таҳлил
бўлими бош мутахассиси
