Тошкент вилоятида балиқчилик хўжаликларини сув билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-10 17:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев сўзга чиқиб, балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳақида фикрларини билдирди.
Йиғилишда вилоятда балиқчилик йўналишида фаолият юритаётган 300 дан ортиқ фермер хўжалиги вакиллари қатнашди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятида жами 580 та балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Семинарда хўжаликларни сув билан таъминлашда, энг аввало, уларнинг сувга бўлган ҳақиқий эҳтиёжини аниқлаш, сув олиш ҳажмларини шу асосда белгилаш ва етказиб берилган сувнинг аниқ ҳисобини юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, сув таъминоти жараёнларини рақамлаштириш, шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш, замонавий сув ўлчаш воситаларини ўрнатиш ҳамда сув олиш ва етказиб бериш устидан рақамли назоратни кучайтириш юзасидан вазифалар муҳокама қилинди.
Вазир сунъий сув ҳавзаларида интенсив усулда балиқ етиштиришни кенгайтириш, сувдан тежамкорлик билан ва бир неча босқичда фойдаланиш, шу орқали маҳсулот ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Балиқчилик хўжаликларига сув етказиб бериш тизими шаффоф, ҳисобли ва замонавий талабларга мос бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Очиқ мулоқот давомида фермерлар сув таъминоти, сув олиш ҳажмларини белгилаш, ҳисоб-китобларни юритиш ва сув ўлчаш воситаларидан фойдаланиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташлаб, таклифларини билдирди.
Йиғилиш якунида балиқчилик хўжаликларининг сув таъминотига доир ҳисоб-китобларни хатловдан ўтказиш, электрон шартномаларни расмийлаштириш, сув ўлчаш воситаларини жорий этиш ва назорат механизмларини такомиллаштириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати




