Ислом тараққиёт банки вакиллари билан учрашув ўтказилди
2026-09-09 17:45:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида сув хўжалиги соҳасида шаклланган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, суғориш тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.
Учрашувда “Хоразм вилоятида Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш (2-босқич)” лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, лойиҳани молиялаштириш, қарз битимини имзолашга тайёргарлик кўриш ва уни амалий босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, сув хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалдаги лойиҳалар ижросини жадаллаштириш ва янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Шунингдек, Тошсоқа тизимини қайта тиклаш лойиҳаси бўйича қарз битимини жорий йил якунига қадар имзолаш ҳамда лойиҳа доирасида амалий ишларни бошлаш юзасидан келишиб олинди.
Ахборот хизмати

