ИЛМ ВА ЛАТОФАТ УЙҒУНЛИГИ
2026-09-09 18:00:00 / Янгиликлар

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!..
Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Инсон қалби” шеърини ўқир эканман, кўз олдимга бугун қутлуғ ёшини қарши олаётган техника фанлари доктори, профессор Малика Раҳимбердиевна Икрамова гавдаланади.
Сув хўжалиги мураккаб муҳандислик тафаккури, аниқ ҳисоб-китоб ва катта масъулият талаб этадиган соҳа. Бу йўналишда юқори илмий даражага эришган аёл олималар эса кўп эмас. Малика Икрамова ана шундай кам сонли, илмий салоҳияти ва амалий натижалари билан алоҳида ўрин эгаллаган олималардан биридир.
Уни яқиндан билганлар, аввало, вазминлиги, фикрининг теранлиги ва самимиятини таъкидлайди. Малика Раҳимбердиевнада олимга хос талабчанлик билан аёлга хос нафосат, қатъият билан мулойимлик, билим билан камтарлик уйғунлашган.
Малика Икрамова 1956 йил 10 сентябрда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида зиёли оилада туғилган. 1978 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, муҳандис-гидротехник мутахассислигини эгаллаган.
Меҳнат фаолиятини ўша йили САНИИРИда кичик илмий ходим сифатида бошлади. Кейин олий таълим тизимида лаборатория мудири, ассистент, катта ўқитувчи ва доцент сифатида фаолият юритди. Бу йиллар унинг илмда тобланган, назария ва амалиётни уйғунлаштиришга ўрганган даври бўлди.
Унинг илмий изланишлари дарё ўзанларидаги жараёнлар, гидравлика, сув олиш иншоотлари, сув омборларининг иш режими ва сув ресурсларини комплекс бошқариш каби муҳим йўналишларни қамраб олди. 1991 йилда номзодлик диссертациясини, 2019 йилда эса “Текислик дарёлари оқим ҳажмини бошқариш ва дарё ўзанининг қайта шаклланиши” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Унинг раҳбарлиги ва иштирокида бажарилган тадқиқотлар Амударё, Зарафшон, Чирчиқ–Оҳангарон, Аму–Қашқадарё, Аму–Сурхон ва Аму–Бухоро каби йирик сув хўжалиги тизимларида қўлланди. Дарёлардан сув олишни такомиллаштириш, сув омборларининг иш режимини илмий асосда бошқариш, геоахборот технологиялари ва компьютер дастурлари орқали сув ресурсларини ҳисобга олиш бўйича ишланмалар амалий самара берди.
Малика Икрамованинг илмий мероси 160 дан ортиқ илмий мақола, маъруза, монография, дарслик, ўқув қўлланмалари ҳамда 16 дан ортиқ ихтиро ва дастурларда ўз ифодасини топган.
Унинг ташаббуси ва иштирокида 15 дан ортиқ гидротехник иншоот таъмирланди, реконструкция қилинди ёки янгидан қурилди, 50 та “ақлли сув” гидропости ўрнатилди. Замонавий сув ўлчаш асбобларини амалиётга жорий этиш, сув тежовчи технологияларни тарғиб қилишда ҳам унинг муносиб ҳиссаси бор.
Малика Икрамованинг илмий фаолияти Ўзбекистон доираси билан чекланмаган. У БМТ Тараққиёт дастури, ФАО, Европа Иттифоқи, Осиё тараққиёт банки, GIZ, CAREC каби нуфузли халқаро ташкилотлар лойиҳаларида мутахассис, маслаҳатчи, эксперт ва раҳбар сифатида иштирок этган. Бу орқали Ўзбекистон сув хўжалиги илмининг салоҳиятини халқаро миқёсда ҳам муносиб намоён этди.
Малика Раҳимбердиевнанинг латофати фақат ташқи кўринишда эмас. Чин латофат унинг муомаласида, одамни тинглай билишида, муносабати ва одобида намоён бўлади. Унинг вазминлигида мағрурлик йўқ, талабчанлигида қўполлик, билимдонлигида ўзини кўз-кўз қилиш йўқ.
Малика Раҳимбердиевнада ҳавас қилса арзийдиган яна бир жиҳат бор: касб ва аёллик фазилатлари бир-бирини тўлдирган. У катта олим бўлиб ҳам самимий, талабчан бўлиб ҳам мулойим, юксак илмий мартабага эришиб ҳам камтарин қолиш мумкинлигини ўз ҳаёти билан кўрсатиб келмоқда.
Малика Икрамованинг ҳаёт йўли илмга кириб келаётган ёш қизлар учун ҳам гўзал ибрат: аёл киши илмда юксак чўққиларни забт этиши, мураккаб муҳандислик соҳасида ўз ўрнини топиши ва айни пайтда самимияти, назокати ҳамда аёллик латофатини асраб қолиши мумкин.
Шундай инсонларга киши ҳавас қилади.
Малика Раҳимбердиевна Икрамованинг ҳаёт йўли ана шундай мазмунли ва нурли умрнинг гўзал намунасидир.
Шуҳрат Суюнов
