Сув хўжалигини рақамлаштиришда ёшлар ва хотин-қизларнинг ўрни
2026-09-09 10:25:00 / Янгиликлар

Самарқанд шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан “Маълумотлар ва технологиялардан амалиётга” мавзусида сув хўжалиги бўйича халқаро тадбир ўтказилди.
Тадбир ЕХҲТнинг сув ресурсларини бошқаришда ёшлар иштироки ва хотин-қизлар етакчилигини қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий фаолияти доирасида ташкил этилди. Унда Швейцария ва Италия элчилари, ЕХҲТ вакиллари, Марказий Осиёдаги академик ҳамда илмий муассасалар мутахассислари, шунингдек, ёшлар иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиёнинг ёш мутахассислари учун тажриба ва билим алмашиш имконини берадиган трансчегаравий таълим платформасини шакллантиришдан иборат бўлди.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти профессори Малика Икрамова “Ўзбекистон сув хўжалигини рақамлаштиришда фан, таълим ва муҳандислик соҳалари интеграцияси: хотин-қизлар ва ёшларнинг асосий роли” мавзусида тақдимот қилди.
Тақдимотда сув хўжалигини рақамлаштиришда олимлар, муҳандислар ва ёш дастурчилар ҳамкорлигининг аҳамиятига эътибор қаратилди. Хусусан, сув ҳаракатини илмий моделлаштириш, гидротехник иншоотларга оид маълумотларни рақамлаштириш ва уларни мобиль ахборот тизимларига жойлаштириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ёшларнинг инновацион ишланмаларини амалиётга жорий этиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни сув хўжалигидаги мавжуд муаммолар ечимига йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқотлар давомида Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши илм-фан, рақамли маълумотлар, замонавий технологиялар ва инсон капиталини ўзаро уйғунлаштиришга боғлиқ экани қайд этилди. Илмий натижаларни алгоритмларга, маълумотларни амалий қарорларга, истиқболли ғояларни эса тайёр стартап лойиҳаларига айлантириш бўйича фикр алмашилди.
Ахборот хизмати

