Ёшларга имконият бериш – келажакка сармоя
2026-09-03 17:50:00 / Янгиликлар

Мулоқотда ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, замонавий технологияларни эгаллаши, ташаббусларини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 6 минг нафардан зиёд ёшлар меҳнат қилмоқда. Жорий йил бошидан тизим ташкилотларига 1 000 нафар олий таълим муассасаси битирувчиси ишга қабул қилинди. Ёш ходимларнинг 3 792 нафари олий маълумотли бўлиб, 314 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
Иқтидорли ходимларни вазирликда стажировкадан ўтказиш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш амалиёти давом эттирилади. Шунингдек, Президент топшириғи асосида 100 нафар сув хўжалиги инноваторини Австралия, Испания, Туркия, Хитой ва Корея Республикасига тажриба алмашиш учун юбориш режалаштирилган.
Вазир ёш мутахассислар сув тежамкорлиги, энергия сарфини камайтириш, рақамлаштириш ва инновацион технологияларни жорий этишда фаол бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш, ўз бизнесини бошлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, белгиланган тартибда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ёки балиқчилик йўналишида фаолият юритиш истагида бўлган ёшлар қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди. Уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириши, зарур маблағ ва кредит ресурсларини жалб қилишига амалий кўмак берилади, албатта.
Сув хўжалигида келгуси суғориш мавсумининг тақдири айнан куз-қиш ойларида ҳал бўлади. Шу сабабли вазир ёшларни кузги-қишки тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.
– Мен сизлардан ҳар бир объектга янгича нигоҳ билан қарашни, камчиликка бефарқ бўлмасликни, “бу менинг ишим эмас” деган қарашдан бутунлай воз кечишни сўрайман. Чунки сув хўжалигида ҳар бир километр канал, ҳар бир гидротехник иншоот, ҳар бир насос ва ҳар бир куб метр сув учун масъулият бор, – деди вазир.
Раҳбарларга соҳада ёшлар улушини ҳозирги 19 фоиздан йил якунига қадар 30 фоизга етказиш, ҳар пайшанба “Ёшлар куни” доирасида очиқ мулоқотлар ўтказиш, интеллектуал ва спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни раҳбарликка тайёрлаш вазифалари белгиланди.
Очиқ ва самимий ўтган мулоқотда вазирлик ёшлар етакчиси Нурмуҳаммад Холмуродов, Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бошлиғи Дилафрўз Аликулова сўзга чиқди.
Тошкент вилояти Бекобод тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассаси Сув ресурсларидан фойдаланиш шуъбаси мутахасиси, “Энг яхши сувчи китобхон” танловининг вилоят босқичи ғолиби Ситора Абдусаматова, Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассаси Сув ресурсларидан фойдаланиш шуъбаси мудири, “Мустақиллик кубоги - 2026” мусобақаларида шахмат бўйича республика босқичи ғолиби Ҳамроз Боймуротов ва бошқалар фикрларини билдирди.
Вазир ёшларни доимий изланиш, китоб ўқиш, билим олиш ва ташаббускор бўлишга чақириб, уларнинг ютуғи сув хўжалиги соҳаси тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.
Ахборот хизмати






