Янги қонун Президент Администрацияси фаолиятида нимани ўзгартиради?
2026-09-03 11:25:00 / Янгиликлар

Қонун Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ваколатлари ҳамда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилаб беради.
Қонунга кўра, Президент Администрацияси Президентнинг давлат бошлиғи сифатидаги ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ва ҳамкорлигига кўмаклашадиган давлат органи ҳисобланади.
Демак, Администрациянинг вазифаси фақат Президент фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш билан чекланмайди. У давлат бошқарувининг турли бўғинлари ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Асосий вазифалар нималардан иборат?
Конституциявий қонун Администрация зиммасига бир қатор муҳим вазифаларни юклайди.
Жумладан, у давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашади, Президент ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди.
Шунингдек, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришда иштирок этади.
Ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни ташкил этиш ҳам Администрациянинг муҳим вазифалари қаторида белгиланган.
Ижро интизомига эътибор Давлат бошқарувида қарор қабул қилишнинг ўзи етарли эмас – унинг амалда бажарилиши ҳам муҳим.
Шу боис қонунда Президент ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этиш билан боғлиқ ваколатлар ҳам белгиланган.
Бу давлат бошқарувида ижро интизомини кучайтириш ва қабул қилинган қарорларнинг натижадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Фуқаролар билан очиқ мулоқот Қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот масаласига ҳам эътибор қаратади.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Президентга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур шароитларни таъминлашга кўмаклашиш Администрациянинг вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Бу давлат органлари ва жамият ўртасидаги мулоқотни янада самарали ташкил этиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қонунчиликда ўзгартишлар
Янги Конституциявий қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига Президент Администрацияси Раҳбарининг фармойишларига оид тегишли нормалар киритилиши назарда тутилган.
Бу қонуннинг таъсири фақат Администрация фаолияти билан чекланмасдан, амалдаги қонунчилик тизимига ҳам дахлдор эканини кўрсатади.
Қонун Администрациянинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари ва ваколатларини аниқ белгилаб, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳужжатнинг самарали амалга оширилиши давлат бошқарувида аниқлик, масъулият, мувофиқлик ва ижро интизомини кучайтириш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бегзод Ражабов,
Сув хўжалиги вазирлиги
Юридик хизмат ва мурожаатлар
билан ишлаш бошқармаси бошлиғи
