СУВ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
2026-08-29 11:10:00 / Янгиликлар

Қадрли сув хўжалиги ходимлари! Азиз ҳамкасблар!
Мамлакатимизнинг кўп минг сонли сувчилар жамоасини, муҳтарам фахрийларимизни, соҳа ходимларининг оила аъзолари ва яқинларини, бутун халқимизни энг улуғ ва азиз байрамимиз — жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзу-интилишларини рўёбга чиқарган, ўз тақдири ва келажагини ўзи белгилаш имконини берган бебаҳо неъматдир.
Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон қадри, халқ манфаати ва келажак авлодлар фаровонлиги устувор аҳамият касб этмоқда. Сув ресурсларини асраш ва оқилона бошқариш масаласининг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эса барчамизга катта масъулият юклайди.
Сув — ҳаёт манбаи, унинг ўрнини ҳеч қандай ресурс боса олмайди.
Жорий йил бошидан буён суғориш ишлари учун 32,7 миллиард
куб метр сув етказиб берилди. 676 километр канал ва 20 минг километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
640 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. 200 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 9 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Бу рақамлар ортида минглаб сувчиларнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати мужассам. Суғориш ишларининг ўз вақтида ташкил этилгани ғалладан мўл ҳосил етиштиришга, бозорларимиз ва халқимиз дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшди. Айни кунларда бободеҳқонларимиз пахта ҳосилидан ҳам катта умид қилмоқда.
Каналларни бетонлаштириш, сув хўжалиги объектларини рақамлаштиришни давом эттириш, сув ҳисобини такомиллаштириш ва ресурсларни адолатли тақсимлаш орқали эртанги кун учун сув захираларини яратишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Олдимизда кузги-қишки тадбирларни пухта ташкил этиш, тизим самарадорлигини янада оширишдек муҳим вазифалар турибди. Бу юмушларни аҳиллик, фидойилик ва юксак масъулият билан биргаликда албатта бажарамиз.
Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, Президентимизнинг соҳага доир Фармон ва қарорлари фаолиятимизда дастуриламал бўлмоқда.
Халқимизда “Сув келтирган — элда азиз” деган пурмаъно нақл бор. Экинларга ҳаёт, далаларга барака олиб келаётган сувчилар меҳнати ҳамиша эл-юрт эъзозида бўлган.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига мувофиқ, Асланкул Каримкулов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони, Джалғасбай Узаков «Дўстлик» ордени, Шоира Тургунова ва Бахтиёр Холматов «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар. Шунингдек, юзлаб соҳа фидойилари «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишонига муносиб кўрилди.
Бу юксак эътирофни бутун сув хўжалиги тизими, сувчиларимизнинг ҳалол ва шарафли меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан.
Азиз сувчилар!
Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака ва осойишталик, масъулиятли меҳнатингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон бўлсин!
Жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллиги абадий бўлсин!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири
2026 йил 29 август
