Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
2026-08-28 16:40:00 / Янгиликлар

Бугун Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир кўтаринки руҳда ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида ташкил этилган тадбирда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати ходимлари, республика ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.
Тантанали тадбирни бошқарган Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, айниқса, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш ва халқ фаровонлигини юксалтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, бугун сув масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни самарали бошқариш мамлакатимиз тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи муҳим йўналишлардан бирига айланди.
Сўнгги йилларда сувни тежаш, унинг ҳар бир томчисидан самарали фойдаланиш, ирригация ва мелиорация тизимларини модернизация қилиш, каналларни бетонлаш, насос станцияларини янгилаш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ўзгаришлар ва натижалар замирида эса минглаб сувчиларнинг куну тунги машаққатли меҳнати, касбига садоқати ва юрт олдидаги масъулияти мужассам.
Тадбирда мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида сув хўжалиги соҳаси вакиллари меҳнати давлатимиз томонидан юксак баҳолангани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Президентимизнинг 2026 йил 22 августдаги Фармонига мувофиқ, Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Асланкул Каримкулов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, “Амударё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси Қуйидарё бошқармаси бошлиғи Джалғасбай Узаков “Дўстлик” ордени, “Шимолий Фарғона” магистрал канали бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоира Тургунова ҳамда Чиноз тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси экскаватор машинисти Бахтиёр Холматов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Шу билан бирга, вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудларда фаолият юритаётган юзлаб соҳа фидойилари – раҳбар ва мутахассислар, мироблар, гидротехниклар, насос станциялари ходимлари, механизаторлар, экскаватор машинистлари ҳамда бошқа касб эгалари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Вазир давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳамкасбларни бутун сув хўжалиги тизими номидан самимий муборакбод этиб, бу эътироф уларнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати ва касбига садоқатига берилган юксак баҳо эканини таъкидлади.
Айни пайтда, бу мукофотлар фақатгина алоҳида ходимларга эмас, балки бутун сув хўжалиги аҳлининг машаққатли меҳнатига билдирилган ҳурмат ва ишонч ифодаси сифатида қабул қилиниши қайд этилди.
Сув хўжалиги вазири тақдирланган барча соҳа ходимларини яна бир бор самимий қутлаб, бутун сув хўжалиги аҳлини ва уларнинг оила аъзоларини энг улуғ ва энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан муборакбод этди.
Тадбир якунида вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотларининг бир гуруҳ ходимларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Ахборот хизмати






