Коррупцияга қарши курашиш – ҳар бир ходимнинг масъулияти
2026-08-28 16:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда Жиззах вилояти прокуратураси катта прокурори Ш.Мамарахимов, бўлим прокурорлари У.Ибрагимов ва М.Акрамов, ҳавза бошқармаси марказий аппарати ходимлари, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ҳамда “Жиззахсувқурилишинвест” давлат муассасаси вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида коррупциянинг давлат бошқаруви ва жамият ривожига салбий таъсири, бундай ҳолатларнинг олдини олишда ҳар бир ходимнинг масъулияти хусусида сўз борди. Хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, белгиланган тартиб-таомилларга риоя этиш ва коррупцион ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш зарурлиги қайд этилди.
Прокуратура вакиллари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 168-моддаси – фирибгарлик, 210-моддаси – пора олиш, 211-моддаси – пора бериш, 212-моддаси – пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан боғлиқ нормалар ва улар учун белгиланган жавобгарлик юзасидан тушунтириш берди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда ҳар бир ходимнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш, хизмат фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга прокуратура вакиллари жавоб берди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати


