Қарши магистрал канали: ҳимоя ўрмон минтақалари сувни асрашга хизмат қилади
2026-08-28 16:05:00 / Янгиликлар

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Қашқадарё минтақавий маркази илмий ходимлари томонидан "Қарши" магистрал канали трассаси бўйлаб ҳимоя ўрмон минтақаларини ташкил этишнинг агроэкологик аҳамияти ва иқтисодий асосларига бағишланган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.
"Қарши" магистрал канали мамлакатимиз жанубидаги йирик сув хўжалиги иншоотларидан бири саналади. Аммо қурғоқчил ва ярим қурғоқчил минтақаларда жойлашган йирик каналлар табиий омиллар таъсирига доимий равишда дуч келади. Хусусан, кучли шамол, сув юзасидан жадал буғланиш, канал ўзанининг қум ва чанг билан тўлиб бориши сувдан фойдаланиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қарши чўли шароитида бу масала айниқса долзарб. Ёз ойларида айрим ҳолатларда шамол тезлиги секундига 20–22 метргача етиши мумкин. Бундай шароитда сув юзасида тўлқинланиш кучаяди, буғланиш миқдори ортади, каналга қум ва майда тупроқ заррачаларининг тушиши тезлашади.
Шу нуқтаи назардан, каналлар бўйлаб ҳимоя ўрмон минтақаларини барпо этиш сувни асрашнинг табиий ва самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Яшил ҳимоя қалқони
Жаҳон амалиётида йирик суғориш каналлари бўйлаб ҳимоя ўрмон минтақаларини ташкил этиш юқори самара берадиган агромелиоратив тадбир сифатида эътироф этилган.
Бундай яшил минтақалар, энг аввало, шамолнинг динамик кучини пасайтиради. Натижада сув юзасидаги тўлқинланиш ва буғланиш камаяди. Шу билан бирга, дарахт ва буталар илдиз тизими туташ ҳудудларда биологик дренаж вазифасини ҳам бажаради.
Ҳимоя ўрмон минтақаларининг яна бир муҳим жиҳати – каналларни қум ва чанг билан тўлиб қолишдан муҳофаза қилишидир. Бу эса ўз навбатида каналларни тозалашга сарфланадиган маблағ ва меҳнат ресурсларини қисқартириш имконини беради.
Бундан ташқари, тўғри танланган дарахт турлари истиқболда қўшимча ёғоч маҳсулоти олиш манбаи бўлиб ҳам хизмат қилиши мумкин. Демак, ҳимоя ўрмонлари нафақат экологик, балки иқтисодий самарадорликка ҳам эга.
Шамол режими илмий ўрганилди
Тадқиқот жараёнида "Қарши" магистрал канали трассасининг тупроқ, рельеф ва гидрогеологик шароитлари дала кузатувлари ҳамда картографик материаллар асосида атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, шамол йўналиши ва тезлигининг ойлик такрорланиш кўрсаткичлари бўйича статистик ҳисоб-китоблар амалга оширилди. Вегетация давридаги ўртача кўрсаткичлар аниқланиб, канал трассасига шамол таъсирининг хусусиятлари баҳоланди.
Кучли шамоллар тезлиги секундига 20 метргача етиб, йил давомида ўртача 10 мартагача, вегетация даврининг ўзида эса 4–5 марта кузатилиши мумкин.
Энг муҳим жиҳати, канал трассасига нисбатан шамол йўналишларининг қарийб 65–70 фоизи кўндаланг йўналган. Бу эса ҳимоя ўрмон минтақаларини тўғри жойлаштириш орқали шамол таъсирини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Шамол тезлигини 50–60 фоизгача камайтириш мумкин
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, мақбул тарзда барпо этилган ҳимоя ўрмон минтақалари шамол тезлигини 50–60 фоизгача камайтириши мумкин.
Баландлиги 15 метрга етадиган дарахтзорлар шамол таъсирини 80–110 метр масофагача самарали сусайтириши аниқланган. Бу эса канал сув юзасининг катта қисмини кучли шамол таъсиридан ҳимоя қилиш имконини беради.
Тадқиқот натижаларига асосан "Қарши" магистрал канали трассасининг тупроқ ва рельеф хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳудуд икки типик қисмга ажратилди. Ҳар бир ҳудуд учун ҳимоя ўрмон минтақаларини жойлаштиришнинг мақбул схемаларини ишлаб чиқиш имконияти белгиланди.
Хусусан, шамолни қисман ўтказувчи, 10 қатордан иборат ва тахминан 15 метр баландликка эга ўрмон минтақалари энг самарали конструкциялардан бири сифатида баҳоланди.
Экологик самара – иқтисодий манфаат ҳамдир
Ҳимоя ўрмон минтақаларини барпо этишнинг иқтисодий жиҳатлари ҳам тадқиқот доирасида алоҳида ўрганилди.
Бунда дарахтзорларни ташкил этиш ва парваришлаш харажатлари 30 йиллик давр мобайнида олиниши мумкин бўлган ёғоч маҳсулоти қиймати билан солиштирилади. Дарахт навларининг таркибига қараб, ёғоч ҳажмининг ўртача йиллик ўсиши гектарига 20 куб метргача етиши мумкин.
Бироқ масаланинг аҳамияти фақат ёғоч маҳсулоти билан чекланмайди. Каналда сув буғланишининг камайиши, қум босиш жараёнларининг сусайиши, каналларни тозалаш харажатларининг қисқариши, атроф-муҳит микроклиматининг яхшиланиши каби омиллар ҳам умумий иқтисодий самарани оширади.
Шу маънода, "Қарши" магистрал канали бўйлаб ҳимоя ўрмон минтақаларини барпо этиш оддий кўкаламзорлаштириш тадбири эмас. Бу – сув ресурсларини асраш, гидротехника иншоотларининг барқарор ишлашини таъминлаш, экологик мувозанатни мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилувчи комплекс илмий ечимдир.
Қашқадарёлик олимлар томонидан олиб борилаётган мазкур тадқиқотлар келгусида йирик магистрал каналлар атрофида илмий асосланган яшил ҳимоя минтақаларини ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқишга замин яратади.
Сувни тежаш фақат уни ҳисобга олиш ёки замонавий технологияларни жорий этиш билангина чекланмайди. Сув манбаларини табиий омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам шу жараённинг муҳим қисми ҳисобланади. "Қарши" магистрал канали бўйлаб барпо этиладиган яшил минтақалар эса келажакда сувни асрайдиган, табиатни муҳофаза қиладиган ва иқтисодий манфаат келтирадиган ўзига хос “яшил қалқон”га айланиши мумкин.
Музаффар Рўзиев,
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти
Қашқадарё минтақавий маркази директори




