Бутунжаҳон сув ҳафталиги: Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни янада кенгайтирмоқда
2026-08-26 11:50:00 / Янгиликлар

25 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев Уппсала университети Тинчлик ва низоларни ўрганиш департаменти раҳбари, профессор Ашок Свайн билан учрашди. Мулоқотда сув дипломатияси бўйича янги авлод мутахассисларини тайёрлаш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, академик алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда “Халқаро сув дипломатияси” магистратура дастури ташкил этилгани, “Сувчилар мактаби”да эса 90 мингдан ортиқ соҳа мутахассиси ва фермерлар ўқитилгани қайд этилди.
Шу куни Уппсала университети ҳамда “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети ўртасида сув ва иқлим дипломатияси, трансчегаравий сув ҳамкорлиги, кадрлар тайёрлаш ва академик алмашинувни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки университет ўртасида узоқ муддатли илмий ва таълим ҳамкорлиги учун институционал асос яратди.
Бутунжаҳон сув ҳафталиги доирасида Тимур Бутунбаев БМТ Университети ректори, БМТ Бош котиби ўринбосари, профессор Тшилидзи Марвала билан ҳам музокара ўтказди. Томонлар сув соҳасида билим ва тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг илмий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти – IWMI/CGIAR бош директори Марк Смит ва институтнинг “Сув, иқтисодий ўсиш ва инклюзивлик” стратегик дастури директори Инга Жейкобс-Мата билан учрашувда қишлоқ хўжалигида сув самарадорлигини ошириш, илмий асосланган ечимлар ва рақамли бошқарувни жорий этиш, сув соҳасидаги ислоҳотларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигига таъсирини баҳолаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
IWMI раҳбарияти Ўзбекистонда сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимиздаги лойиҳалар глобал миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Учрашув якунида институт вакиллари жорий йил кузида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Сувни тежаш бўйича халқаро форумга таклиф этилди.
Мазкур учрашув ва келишувлар Ўзбекистон сув масаласини нафақат миллий тараққиёт, балки минтақавий ҳамкорлик, илм-фан ва тинчликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида илгари сураётганини яна бир бор намоён этди.
Ахборот хизмати



