Ўзбекистон-Корея: сув хўжалигини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликнинг янги истиқболлари
2026-08-25 17:40:00 / Янгиликлар

2026 йил 25 август куни Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги KOTRA - Корея савдо-инвестицияни рағбатлантириш агентлиги кўмагида ушбу делегация аъзолари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирнинг дастлабки қисмида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази директори – Севара Атабаева томонидан Ўзбекистон сув хўжалигини рақамлаштириш жараёни, жорий этилаётган рақамли ечимлар, шунингдек, амалга оширилаётган ва истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Тақдимот давомида сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, ирригация тизимларини замонавий мониторинг воситалари билан таъминлаш, сув сарфини реал вақт режимида назорат қилиш, насос станциялари ва мелиоратив объектларни масофадан ахборот тизимлари орқали мониторинг қилиш, маълумотларни ягона ахборот тизимларига интеграциялаш ҳамда сув ресурсларини бошқаришда маълумотларга асосланган ёндашувни жорий этиш ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, онлайн сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш, сув объектларини автоматлаштириш, рақамли мониторинг ва уларни ахборот тизимларига интеграция қилишга қаратилган лойиҳалар билан таништирилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда сув хўжалигини рақамлаштиришнинг асосий мақсади – сувнинг манбадан истеъмолчигача бўлган ҳаракатини аниқ ҳисобга олиш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, йўқотишларни камайтириш ва бошқарув қарорларини ишончли маълумотлар асосида қабул қилиш имконини яратишдан иборат.
Тадбир доирасида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази мутахассислари WooRiGiSul CO., LTD, HSCMT CO., LTD ва KOMOTO INC. компаниялари вакиллари билан B2B форматида учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар чоғида мазкур компаниялар ўзларининг технологик ечимлари ва амалий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий этиш, истиқболли пилот лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар трансфери ва қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларини билдирдилар.
Ахборот хизмати


