Мирзачўлда 1 200 гектар ернинг сув таъминотини яхшилайдиган канал фойдаланишга топширилди
2026-08-25 17:15:00 / Янгиликлар

Мазкур канал Мирзачўл туманидаги қишлоқ хўжалиги майдонлари билан бирга Қозоғистон Республикасининг чегарадош ҳудудларига сув етказиб беришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан объектнинг реконструкция қилиниши нафақат ҳудуддаги сув таъминотини яхшилаш, балки икки давлат ўртасидаги сув хўжалиги соҳасидаги амалий
ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Каналнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва иррагция вазирлигининг Туркистон вилояти “Казводхоз” филиали директори Мерлан Керимжанов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Абдураззоқов, Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, соҳа ташкилотлари раҳбар ва ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларини яхшилаш ва сув йўқотишларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудларида сувдан келишилган ва самарали фойдаланиш икки мамлакат манфаатлари учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
К-25-15 каналининг 9,7 километр қисми замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниши натижасида сувни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш учун зарур инфратузилма яратилди. Лойиҳа “Жиззахқурилишинвест” давлат муассасаси буюртмачилигида, “IMKON-LOYIHA” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида “Uchtepamaxsussuvpudrat” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Реконструкция ишлари натижасида аввал сув таъминоти билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд бўлган 800 гектар ер майдонини қайта фойдаланишга киритиш, шунингдек, яна 400 гектар майдоннинг сув таъминотини яхшилаш имконияти яратилди.
Натижада 1 минг 200 гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги экинларини барқарор суғориш, ерлардан самарали фойдаланиш ва сув етказиб беришдаги йўқотишларни камайтириш учун қўшимча имконият яратилди.
Тантанали маросимда рамзий лента кесилиб, реконструкция қилинган канал фойдаланишга топширилди. Тадбир иштирокчилари канал орқали сув етказиб бериш жараёнини кўздан кечирди.
Маросим якунида нуронийлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, Мирзачўл далаларининг серҳосил бўлишини тилаб дуо қилди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмат






