Сув дипломатияси – тинчлик ва барқарор тараққиёт омили
2026-08-25 14:55:00 / Янгиликлар

Глобал миқёсда сув тақчиллиги, иқлим ўзгариши, трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш каби масалалар тобора долзарблашаётган бир пайтда мазкур мулоқот майдонининг аҳамияти янада ортмоқда. Айниқса, сув хавфсизлиги, сув дипломатияси, рақамлаштириш, замонавий технологиялар, инвестициялар ҳамда сув ресурсларидан адолатли ва барқарор фойдаланиш масалалари анжуман муҳокамаларининг марказида турибди.
Нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. “БМТнинг 2026 йилги Сув конференцияси: келажак барпо этиладиган макон” сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев мамлакатимизда сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, минтақавий институтларни мустаҳкамлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги тажриба ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда сув масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг стратегик устувор йўналишларидан бирига айланди. Сув ресурсларини бошқаришнинг янги институционал ва ҳуқуқий асослари яратилди, Сув кодекси қабул қилинди, сув тежовчи технологияларни жорий этиш кўлами кенгайди, инфратузилмани модернизация қилиш ва соҳани рақамлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон сув масаласига фақат ички иқтисодий ёки экологик муаммо сифатида эмас, балки минтақада тинчлик, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликни таъминлайдиган муҳим омил сифатида ёндашмоқда.
Тимур Бутунбаев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон учун сув дипломатияси – тинчлик, ишонч ва умумий фаровонликни таъминловчи воситадир”. Бундай ёндашув, айниқса, сув ресурслари умумий бўлган Марказий Осиё давлатлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш, ишончли маълумотлар алмашинуви ва қўшма минтақавий лойиҳаларни амалга оширишга устувор аҳамият берилмоқда.
Бутунжаҳон сув ҳафталиги доирасида SIWI ижрочи директори Хелена Тайбел, Европа комиссиясининг атроф-муҳит, сув барқарорлиги ва рақобатбардош циркуляр иқтисодиёт масалалари бўйича комиссари Жессика Рузвал, БМТ Университетининг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти – UNU-INWEH директори, профессор Каве Мадани ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўткаилди.
Мулоқотларда Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, рақамли мониторингни ривожлантириш ва замонавий сув инфратузилмасига инвестициялар жалб этиш, қўшма тадқиқотлар, экспертлар алмашинуви, мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг сув соҳасини молиялаштириш борасидаги тажрибаси ҳам алоҳида тақдим этилди. Маълум қилинганидек, 2026 йил якунига қадар Ўзбекистонда сув соҳасига йўналтириладиган харажатлар Давлат бюджетининг 4,2 фоизига етиши кутилмоқда. 2017–2025 йилларда сув хўжалигига ажратиладиган йиллик маблағлар қарийб тўрт баробар, ичимлик суви таъминотига йўналтирилган инвестициялар эса ўн баробар ошди.
Бу рақамлар мамлакатимизда сув масаласига бўлган муносабат тубдан ўзгарганини кўрсатади. Сиёсий ирода, барқарор молиялаштириш, замонавий технология, илм-фан ва малакали кадрлар тайёрлаш бир-бири билан уйғунлашган ягона тизимга айланмоқда.
Зеро, бугунги кунда сув хавфсизлиги – шунчаки бир соҳанинг эмас, бутун жамиятнинг келажагини белгилайдиган масала. Шу маънода Ўзбекистон илгари сураётган сув дипломатияси, тежамкорлик ва минтақавий ҳамжиҳатлик тамойиллари нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Ахборот хизмати

