Ургут туманидаги “Ғиждувон” канали фойдаланишга топширилди
2026-08-25 14:50:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев, Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Жабборов ва бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йиларда мамлакатимиздан мавжуд сув ресурсларини оқилона ва самарали бошқариш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, сувдан фойдаланувчилар, аҳоли, айниқса, ёшлар онгига “сув текин эмас” ғоясини чуқур сингдириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Жумладан, кейинги йилларда Ургут туманида сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларни сув билан барқарор таъминлаш, ирригация тармоқларини яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан “Ғиждувон” каналининг 14 километр қисми бетонлаштирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида жами 4 минг 200 гектар ер майдонини барқарор сув билан таъминлаш имконияти яратилди. Жумладан, 153 та фермер хўжалигининг 2 минг 400 гектар экин майдони ҳамда 6 минг 885 та хонадонга тегишли 1 минг 800 гектар томорқа ерлари сув билан таъминланади.
Каналнинг реконструкция қилиниши Бешёғоч қишлоғида сув таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати








