“Заковат”да билим ва жамоавий ҳамжиҳатлик синовдан ўтди
2026-08-24 15:45:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада вазирликнинг республика тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 22 та жамоа иштирок этди.
Интеллектуал беллашув давомида иштирокчиларга турли соҳаларга оид, мантиқий мушоҳада ва тезкор фикрлашни талаб этадиган саволлар берилди. Жамоалар ҳар бир саволга жавоб топишда ўз билим ва тажрибасини ишга солиб, зукколик, таҳлилий фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ўзаро куч синашди.
Айрим саволлар иштирокчиларни чуқур мушоҳадага чорлаган бўлса, бошқалари тезкор қарор қабул қилиш ва мантиқий хулоса чиқариш қобилиятини синовдан ўтказди. Ҳар бир очко учун кечган муросасиз баҳс мусобақага янада қизиқарли тус берди.
Якуний натижаларга кўра, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти жамоаси энг юқори натижани қайд этиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Вазирлик марказий аппарати жамоаси иккинчи, Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
“Заковат” нафақат савол-жавоб беллашуви, балки иштирокчиларнинг билим доирасини кенгайтириш, таҳлил қилиш, жамоа билан фикр алмашиш ва ҳар бир қарорни мантиқ асосида қабул қилиш қобилиятини ривожлантирадиган интеллектуал майдон сифатида ҳам аҳамиятли бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ахборот хизмати






