6 минг гектар экин майдонини сув билан таъминлайдиган “Заркат” ва “Картан” каналлари фойдаланишга топширилди
2026-08-20 16:30:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа натижасида тумандаги 6 минг гектарга яқин экин майдонларини кафолатли ва барқарор суғориш имконияти яратилди. Бу, айниқса, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, унинг йўқотилишини камайтириш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув таъминотини яхшилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида “Заркат” каналининг 5,6 километрлик қисми бетонлаштирилди. Бунинг учун 6 миллиард 365 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, “Картан” каналининг 19 километрлик қисми реконструкция қилиниб, ишларга 29 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Таъкидлаш жоизки, реконструкция ишлари фақат каналларни бетонлаштириш билан чекланмади. Каналлар атрофи ҳам ободонлаштирилиб, ҳудудда тартиб ва санитария ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилди. Бу эса сув хўжалиги объектларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, уларнинг атрофини обод ва кўркам масканга айлантиришга хизмат қилди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда сув ресурсларини тежаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.
– Илгари экин майдонларини суғоришда сувнинг етиб келиши, навбат билан суғориш ва тармоқлардаги йўқотишлар билан боғлиқ қийинчиликлар бўлар эди, – дейди маҳалла фаоли Мўйдинжон Йўлдошев. – Каналларнинг реконструкция қилиниши биз, деҳқонлар учун катта қулайлик. Энди сувдан унумли фойдаланиб, ҳосилдорликни оширишга янада катта имконият пайдо бўлди.
Очилиш маросимида билдирилган илиқ фикрлардан сўнг рамзий лента қирқилди. Шу тариқа “Заркат” ва “Картан” каналларининг янгиланган қисмлари расман фойдаланишга топширилди. Янги бетонлаштирилган каналлар бўйлаб сув ҳаракати бошланди.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмат






