Хуршид Ҳамраев “Энг яхши сувчи китобхон” танлови Агентлик босқичи ғолиби
2026-08-19 10:55:00 / Янгиликлар

Унда Агентликнинг марказий аппаратида фаолият юритувчи 7 нафар ходим учта шарт бўйича беллашди.
Танлов аввалида Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Илҳом Жўраев сўзга чиқиб, китоб мутолааси инсоннинг дунёқараши ва тафаккурини бойитиш, касбий ҳамда интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, соҳа ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, адабий асарларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб қилиш, мутолаага қизиқишни кучайтириш танловнинг асосий мақсадларидан экани қайд этилди.
Шундан сўнг иштирокчилар “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Соҳага оид асарлар билимдони” ҳамда “Мен севиб ўқиган мотивацион асар” шартлари бўйича беллашдилар. Биринчи шартда иштирокчилар бадиий асар қаҳрамонлари ҳақидаги саволларга жавоб бериб, берилган парчанинг қайси асардан олинганини аниқлади. Иккинчи шартда сув илми ва соҳага оид адабиётлар бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Учинчи шартда эса танланган мотивацион асарнинг ғояси, мазмуни ва ундан чиқарилган хулосалар эссе орқали ёритилди.
Китобхонлар ҳакамлар томонидан жавобларининг тўғрилиги, асар моҳиятини англаши, фикрни ифодалаш услуби, саводхонлик ва асарга муносабат билдириш қобилиятига қараб баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Ахборот-таҳлил бўлими бош мутахассиси Хуршиджон Ҳамраев биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси етакчи мутахассиси Моҳира Абдукаримова иккинчи, Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Умид Ахмедов эса учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ахборот хизмати





