ФАРҒОНА ВОДИЙСИДАГИ 17 ТА НАСОС СТАНЦИЯСИДА SCADA ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
2026-08-13 12:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги ПФ–70-сон Фармони 2-иловасининг 9.3-банди ижросини таъминлаш, «Фарғона водийсида 17 та модулли насос станциясини реконструкция қилиш» объектида замонавий SCADA тизимини жорий этиш, қурилиш-монтаж ишларининг бориши ва лойиҳани белгиланган муддатларда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Jiangxi Water and Hydropower Construction Co. Ltd. Ethiopia Branch компанияси вакили Зханг Қиянг лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар бажарилган ишлар ҳамда SCADA тизимини ўрнатиш бўйича режалар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, насос станциялари учун зарур ускуналарни ишлаб чиқариш мақсадида 2026 йил апрель ойида Хитой Халқ Республикасидаги заводларга расмий буюртмалар жойлаштирилган. Мазкур ускуналарни Ўзбекистонга олиб келиш ва объектларга етказиб бериш жорий йилнинг октябрь ойига режалаштирилган.
Ускуналарни монтаж қилиш ва ўрнатиш ишлари 2026 йил ноябрь ойида бошланиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасидаги барча қурилиш-монтаж ишларини 2027 йил якунига қадар тўлиқ якунлаб, модернизация қилинган насос станцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши насос станцияларини замонавий бошқарув ва мониторинг тизимлари билан жиҳозлаш, уларнинг иш самарадорлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Ахборот хизмати
